Озода Нурсаидованинг клипини суратга олиш жараёнида модель Сабрина Жабборова оғир тан жароҳати олди. У ташкилотчиларни бепарволик ва етарлича ёрдам кўрсатмаганликда айбласа, иккинчи томон ёрдам кўрсатилганини ва молиявий талаблар кучайиб бораётганини даъво қилмоқда.
Автомобиль баллонлари 2 марта жабрланувчи устидан босиб ўтган. Олдинги баллон унинг устидан тўлиқ ўтган, орқаси эса қизнинг устида бир неча бор айланган. Бахтсиз ҳодиса натижасида, Сабрина Жабборованинг тос суяклари синган, синган суяклар эса жабрланувчининг ўт пуфаги ва бачадонини ёриб ўтган.
Сабринанинг таъкидлашича, модель ташкилотчиларнинг бепарволиги туфайли жиддий жароҳат олган. Уларнинг сўзларига кўра, унга узоқ вақт давомида тиббий ёрдам кўрсатилмаган, бу эса кўп қон йўқотишига олиб келган.
“Унга бир соатдан ортиқ тез тиббий ёрдам кўрсатилмади. Натижада, у тахминан уч литр қон йўқотди. У касалхонага жуда кеч етказилган, тўққиз соатли операциядан сўнг, унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ, жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани натижасида, унинг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб, қиз ногирон бўлиб қолган.
Клипни суратга олиш ташкилотчилари ва бошқа иштирокчилар унга керакли ёрдамни кўрсатишмади. Аввалига тўрт ой давомида унга 500 доллар тўлашди, жарима пули бошқа берилмаслигини маълум қилишди. Агар бу ҳолат ҳақидаги видео ва маълумотлар интернетга тарқатилса, ёрдам пули бутунлай тўхтатилишини айтишди”, дея қўшимча қилинади мурожаатда.
Айни вақтда, шифокорлар қизнинг саломатлигини тиклаш учун унинг тос суягини синдириб, суякларни тўғрилаш кераклиги, бундай операциялар жуда камдан кам ҳолатларда муваффақиятли ўтишини айтган.
Иккинчи тараф изоҳи
Озода Нурсаидованинг менежери Дилмурод Сатторов Озода Нурсаидова ва унинг жамоасига қўйилган айбловлардан норози бўлиб, бахтсиз ҳодиса содир бўлган вақтда Озода Нурсаидова бўлмаганини таъкидлади.
Шунингдек, у воқеадан кейин асоссиз талаблар бошланганини қайд этди.
“Ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган, дейишади, лекин бу тўғри эмас. Касалхонага борган пайтдан бошлаб ва ҳозирги воқеаларгача ҳамма нарса видеога ёзиб олинган", дейди у.
Шунингдек, у жабрланувчига ойига 500 доллар тўланганини тасдиқлади, аммо шунга қарамай, янги талаблар пайдо бўлган.
“Аввалига бир нарсани айтишди, энди уй, машина талаб қилишяпти... Ҳаммаси ҳужжатлаштирилган, унга ёрдам берилганини тасдиқловчи видеолар мавжуд”, деди у.
Видеони суратга олишда иштирок этган оператор Шуҳрат Мавлонов ҳам бу айбловларни рад этди.
“Мени суратга олиш ишларига оператор сифатида таклиф қилишган. Ёлғон маълумотни тарқатиш қабул қилиниши мумкин эмас. Саволларингиз бўлса, биз билан боғланинг. Биз тушунтириш беришга тайёрмиз”, деди у.
Сатторов ҳеч ким ёмон ният билан иш қилмаганини таъкидлаб, расмий терговни кутишга чақирди.
Воқеалардан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов ҳодиса юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, клип пайтида рулда бўлган вояга етмаган актриса Сабрина Жабборовадан ташқари яна бир киши, 2006 йилда туғилган Ш.Э.ни уриб юборган. Натижада, жабрланувчилар шифохонага олиб борилган.
Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш.Э. нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, Сабрина Жабборов. эса “оғир” тан жароҳати деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, тегишли тартибда судга юбориш чораси кўрилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.