Электр энергияси учун тарифлар тармоғида янги градация пайдо бўлади: 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача 800 сўм тўланади. Бундан ташқари, нархлар ҳар йили 1 майдан бошлаб инфляция даражасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда индексланади.
Мазкур қарор билан 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига аҳоли учун енгиллик яратадиган ўзгартишлар киритилмоқда.
Масалан, ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ошиши муддати 1 апрелдан 1 май санасига кўчирилди.
Қолаверса, 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган дифференциаллашган тариф бўйича истеъмол миқдори орасига янги миқдор киритилмоқда. Яъни 2025 йил 1 майдан эътиборан аҳоли истеъмолчилари 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача бўлган янги миқдор оралиғида ҳар бир киловатт·соат учун 800 сўмдан тўлайди (шу пайтгача 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган қисми учун 900 сўмдан ҳақ тўланган).
Бундан ташқари, қарор билан электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.