Сергели ва Учтепа туманларида ҳаво мониторинги автоматик станциялари ишга туширилди
Мавсум ва метеорологик шароитга қараб ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг умумий ҳолати ва тенденцияларини баҳолашга имкон беради.
Экология вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва «Замин» фонди томонидан «Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш» қўшма лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги Сергели ва Учтепа туманларида ҳаво мониторинги автоматик станциялари ишга туширилди. Бу ҳақда «Замин» халқаро жамоат фонди Матбуот хизмати
хабар қилди.
Қайд этилишича, шаҳар атрофида атмосфера ҳавоси сифатини комплекс кузатиш воситаси бўлиб хизмат қилувчи ҳаво мониторинги станцияларидан иборат «ҳалқа» ҳосил бўлди.
Маълумотлар куннинг қисми, мавсум ва метеорологик шароитга қараб ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг умумий ҳолати ва тенденцияларини баҳолашга имкон беради. Ҳалқа бўйлаб мониторинг тизими шаҳарнинг қайси ҳудудлари зарарли моддалардан кўпроқ таъсирланиши мумкинлигини прогнозлаш имконини беради. Автоматик станциялардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш шаҳарсозлик тадбирларини режалаштириш, районлаштириш ва экологик вазиятни яхшилаш стратегиясини ишлаб чиқиш учун зарурдир.
Лойиҳа бошланганидан буён Ўзбекистонда 23 та автоматик ҳаво мониторинги станциялари ўрнатилди ва monitoring.meteo.uz миллий платформасининг ягона маълумотлар базасига уланди.