Собиқ депутат Расул Кушербаев ИИБга чақиртирилиб, телефони олиб қўйилди

Собиқ депутат Расул Кушербаев ИИБга чақиртирилиб, телефони олиб қўйилди

Кушербаевнинг ёзишича, ёзган пости учун кимдир унинг устидан ариза киритган. Собиқ депутат ИИБга чақиртирилиб, ушлаб турилган ва қўл телефони олиб қўйилган. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ батафсил маълумот берди.

Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Янгийўл тумани ички ишлар бўлимига чақиртирилди. Бу ҳақда депутат ўзининг Telegram-саҳифасида маълум қилди.

Аввалроқ, Кушербаев «Алкаш»нинг ҳам гапига муносабат қилиш мумкин, лекин ҳақиқий итга муносабат қилиш керакмас, гарчи у ўзини ҳуқуқшунос ҳисобласа ҳам", дея пост қолдирган.

Унинг ёзишича, фуқаролардан бири мазкур постни ўзини ҳақоратланган дея ҳисоблаб, ариза ёзган. Шундан сўнг, собиқ депутат ИИБга чақиртирилган.

«Кеча менинг ИИБда ушлаб турилишим ва телефоним олиб қўйилишига асос бўлган матн мана шу. Бу фикрдан ўзини ҳақоратланган деб ҳисоблаган кимдир ариза ёзган экан. Қачондан бери матнни экспертиза қилиш учун шахснинг телефони олиб қўйиладиган бўлган, буниси тушунарсиз.

Яна кимдир бу фикрим учун ўзини ҳақоратланган деб ҳисобласа, бемалол ИИБга ариза ёзавериши мумкин, қолган телефон ва техник қурилмаларимни ҳам бераман», — дея муносабат билдирган Кушербаев.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Тeлягановнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 19 апрель куни фуқаро Р.Ф. Янгийўл тумани ИИБга киритган шикоят аризасида, экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали шахсни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда ҳақорат қилувчи маълумотлар тарқатганлигини баён қилган.

Ушбу иш доирасида ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан жорий йилнинг 19 апрель куни Кушербаев қонунда белгиланган тартибга кўра, ИИБга чақиртирилган ва тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилган.

«Жиноят-процессуал кодексининг 157, 159-моддаларига асосан терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш ҳамда аризачи баён этган ҳолатларга аниқлик киритиш учун тергов бўлинмаси томонидан қарор чиқарилиб, Р.Кушербаевга тегишли мобиль телефони вақтинча олиниб кўздан кечирилган. Мазкур иш доирасида, процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда», — дейилади ИИББ муносабатида.

Шунингдек, ИИББ Кушербаев ва айрим жамоатчилик фаоллари томонидан тарқатилаётган гўёки асоссиз ариза бўйича ушлаб турилиши, мобиль телефоннинг аҳамиятсиз олиб қўйилиши ёки қандайдир алоҳида суриштирувлар олиб борилаётганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини маълум қилган.

ИИББ Матбуот хизматининг қайд этишича, фуқаронинг аризаси мамлакатнинг қонун ҳужжатларига кўра, тўлиқ текширилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Шу билан бирга идора, ҳар бир процессуал ҳаракатнинг асослилиги ва қонунийлиги устидан ўрнатилган тартибда шикоят келтирилиши ҳам мумкинлигини эслатиб ўтди.

ИИББ “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, жамоатчилик субъектларидан асоссиз маълумот тарқатмасликларини сўради.

«Қонунлардаги ахборот тарқатиш юзасидан белгиланган талаблар барча учун мажбурийдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятига аралашиш ва маълум бир мақсадда ишни кўриб чиқиш натижаларига, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали таъсир қилишга уруниш, белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз», — дейилган хабарда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.