Молия вазирлиги маълумотига кўра, 131 млн долларлик биринчи транш перинатал марказлар учун тиббий ускуналар харид қилиш, шифокорларни тайёрлаш, мактабларда коммунал тизимларни такомиллаштиришга сарфланди.
2022 йил 16 августда Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида реституция битими имзоланган эди. Қайд этилишича, мазкур битим доирасида Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузурида “Ишонч” жамғармаси ташкил этилди. Унинг маблағларини йўналтириш учун Стратегик қўмита ва Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши тузилди.
Битим доирасида биринчи транш учун 131 миллион доллар маблағни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида республикадаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Туғруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланган.
“Ишонч” жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасида мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган", дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.