Қонунда ушбу маҳсулотларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Сенат аъзолари қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, миллат генофондини сақлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қайд этилганидек, мамлакатда аҳоли ўртасида, айниқса болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.
Шу муносабат билан, тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, шу жумладан электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакатимиз ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан ЖК ва МЖтКга жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун билан ЖКга ва МЖтКга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилганлиги билан аҳамиятли, балки ушбу ҳаракатларни содир этган шахслар ҳокимият органларига ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда, уларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади.
«Қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади,» дея таъкидлади Сенат аъзолари.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.