Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлиги: муносабатларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва келгусидаги устувор вазифалар
Марказий Осиё мамлакатларининг салоҳияти минтақа замонавий дунёнинг драйверларидан бирига айланиши учун қулай шарт-шароит яратади. Янги геосиёсий муҳитда етакчи араб давлатлари билан конструктив мулоқот долзарб аҳамиятга эга. Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиёдаги таҳлил марказлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) нинг “Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кўп йўналишли ҳамкорликка” мавзусида ташкил этилган илк форуми ана шундай мулоқотни ривожлантиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) вакиллари ҳам иштирок этган ушбу форумда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ҳамда энергетика, инфратузилмалар, қишлоқ хўжалиги, технологиялар ва логистика каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга амалга ошириш муҳокама қилинди.
Форумда транспорт йўлаклари ва логистика, туризмни ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминлаш ва яна бир қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. МҲТИ мутахассисларининг фикрига кўра, қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни муваффақиятли йўлга қўйиш мумкин:
- Юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик, бизнес вакиллари иштирокида Қўшма кенгашни ташкил этиш ва “яшил энергетика” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш.
- Кўрфаз араб давлатлари билан эркин савдо зоналарини ташкил қилиш, кўп томонлама савдо битимларини имзолаш, Ўрта транспорт йўлагидан фойдаланишда қулай тарифларни қўллаш, мавжуд мультимодал йўналишлардан кенг фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни амалга ошириш.
- “Кўрфаз – Марказий Осиё” визасиз ягона туристик ҳудудни ташкил этиш ва халқаро туризмни ривожлантиришда замонавий кластерлар имкониятидан самарали фойдаланиш.
Формуда шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлик самарадорлигини ошириш учун таълим дастурлари, илмий алмашинувларни рағбатлантириш, ёшлар спорти ва ОАВ соҳаларида ҳамкорлик бўйича ҳам ташаббуслар билдирилди. Экспертларнинг фикрига кўра, таҳлил марказлари вакиллари иштирокидаги форумларни мунтазам рвишда ўтказиш стратегик шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратади. Таҳлил марказларининг доимий фаолият юритувчи платформалари амалий тавсияларни ишлаб чиқиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун зарур восита бўла олади.