«Журналистнинг меҳнати ҳурмат қилинадиган, ҳалоллик қадрланадиган муҳитни сақлаб қолиш муҳим» — Шерзод Асадов

«Журналистнинг меҳнати ҳурмат қилинадиган, ҳалоллик қадрланадиган муҳитни сақлаб қолиш муҳим» — Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов жамиятда журналистлар меҳнати ҳурмат қилинадиган, факт ва ҳалоллик қадрланадиган муҳитни сақлаш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда у 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан чоп этилган мақолада маълум қилди.

Шерзод Асадов сўз ва матбуот эркинлигини «демократиянинг асосий устунларидан бири» деб атади. Унинг қайд этишича, «Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади».

«Ушбу стратегия инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат халққа хизмат қиладиган очиқ ва адолатли жамият қуришга қаратилган», — дея қайд этди президент матбуот котиби.

«Кучайиб бораётган глобал таҳдидларга қарамасдан, биз демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқдамиз. Дунёдаги сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, зиддиятларнинг кескинлашуви ва дезинформациянинг кучайиши шароитида Ўзбекистон журналистика, холис мулоқот ва фикрлар хилма-хиллигини ривожлантириш учун зарур шароит яратиш сиёсатига содиқ қолмоқда», — дея қайд этди у.

«Афсус билан тан олиш керакки, бугунги кунда ҳатто анъанавий равишда демократия таянчи ҳисобланган мамлакатларда ҳам сўз эркинлиги ғояси кўпинча сиёсий, тижорат ёки мафкуравий манфаатлар босими остида қолмоқда. Очиқ журналистика ўрнини нохолис ёндашув эгаллаб, „сўз эркинлиги“ тамойили ўзининг асл қийматини тобора йўқотиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқаро ташкилотларнинг таҳлилларига кўра, 2025 йилда дунёдаги умумий вазият илк бор „мураккаб“ даражага тушиб кетгани соҳадаги аҳволнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан далолат беради», — дея таъкидлади Асадов.

Унинг қайд этишича, «жамиятда журналистнинг профессионал меҳнати ҳурмат қилинадиган, факт ва ҳалоллик қадрланадиган, мулоқот очиқликка асосланадиган муҳитни сақлаб қолиш ва ривожлантириш айниқса муҳимдир».

«Бу кунда журналистлар, блогерлар, муҳаррирлар, операторлар, техник ходимларга — ҳар куни маърифат ва ахборот улашиш, воқеаларни холис ёритиш йўлида хизмат қилаётган барчага чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Масъулиятингиз, жасоратингиз ва касбингизга садоқатингиз учун ташаккур. Сизларга янги ютуқлар, мустаҳкам соғлик ва ижодий илҳом тилаймиз!» — дея якунлаган у ўз табригини.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.