Маълумки, мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қиладиган Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати ҳисобланади. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг асосий эътиборида, ғамхўрлиги остида бугунги мамлакатимиз ёшлари алоҳида қудратли куч сифатида шакллланганлиги билан бир қаторда, Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий, маданий, сиёсий ва маънавий ҳаётининг ҳақиқий ижодкорлари, илҳом манбаи, муҳим иштирокчилари, бунёдкорлари сифатида намоён бўлмоқда. Ёшларга кўрсатилаётган, уларнинг орзулари, шаъни ва қадр-қимматини, муносиб келажагини, эртанги кунимиз эгалари бўлишлари учун яратилаётган барча имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу оқилона сиёсатнинг таг замирида эса албатта, ёшларга ишонч омили ётганлигини, мамлакат раҳбари уларга қаттиқ ишонаётганлигини, суянаётганлигини кўриниб турибди.
Ёшларнинг реал муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш, масалаларни кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар қаторида давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўзбекистонда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинган. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медаллари таъсис этилган.
Айниқса, давлат миқёсидаги катта-катта ислоҳотларга янгича мазмун-моҳият ва жадаллик бағишлашнинг асосий бўғини сифатида ёшларни кўра олиган Президентимиз, муҳим давлат лавозимларига жуда кўплаб ёшларни тавсия қилганлиги, уларни муҳим ишларга тайинлаганлиги — бу борада бутунлай янгича концептуал асосларга эга бўлган сиёсат олиб борганлигини исботлаб берди.
Тарихимиздан маълум, Совет хукуматининг мафкураси диний-маънавий таълимни инкор қилган. 1928 йилгача ишлаб турган 1325 мусулмон мактаби ва барча мадрасалар беркитилган. Оқибатда тўрт авлодда маънавий бўшлиқ пайдо бўлган. Бу бўшлиқни телевидение, интернет орқали ҳар бир хонадонга Ғарбдан кириб келаётган ахлоқсизлик мафкураси (вируси) эгалламоқда. Маънавий заиф ёшларимиз онгини экстремизм гурухлари захарламоқда. Статистика агентлигининг ҳисоботида Ўзбекистонда 2024 йилда жиноятлар сони 2023 йилга нисбатан 27,1 фоизга, 2020 йилга нисбатан эса 2 баробардан кўпроққа ошган. Тошкентда жиноятчилик даражаси 2023 йилда ҳар 10 минг кишига нисбатан 71,5 та бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 104,3 тани ташкил этган. Жиноятларнинг умумий сони 132 298 тани ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 113,1 фоизга кўпайгани қайд этилган. Бундан ташқари айрим маънавий қашшоқ, тарбиясиз фуқароларнинг хориж мамлакатларда ҳам хуқуқбузарлик, безорилик қилганлари оммавий ахборот воситаларида ёритилмоқда. Бундай ҳолатлар Ватанимизда ёшларга оид давлат сиёсати амалий бажарилишига қора доғ туширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис хузуридаги жамоат фондининг “Ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга, ташаббуслари ва замонавий ғояларини илгари суришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” шиори остида 2024 йилда ўтказилган 1-танловида “Муфтий Бобохоновлар жамғармаси” Комилликка йўлланма (фуқаро маънавияти) лойиҳа билан иштирок этган эди. Танлов комиссияси лойиҳани ғолиб деб топди ва унга грант ажратди.
1. Ёшлар орасида ахлоқсизлик ва унинг тарқалишининг олдини олиш, унга қарши самарали таъсир чораларини қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
2. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш.
3. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида маҳаллаларда кенг тарғибот ишларини амалга ошириш.
4.Замонавий инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш.
Лойиҳа мақсадларини амалга ошириш бўйича Муфтий Бобохоновлар жамғармасининг бажарган ишлари:
1. Ёшлар орасида ахлоқсизлик ва унинг тарқалишининг ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, унга қарши самарали таъсир чораларини қўллаш бўйича “Комилликка йўлланма” (фуқаро маънавияти) номли китоб тайёрлаб грант маблағига 200 (икки юз) нусха нашр этилди ҳамда китоб асосида ёшларда мустаҳкам маънавий ҳимоя билим қобиғи шакилланишига самарали кўмаклашувчи “Маънавий камолот сари” мавзулар тўплами тайёрлаб грант маблағига 1000 (минг) нусха нашр эттирди. Ушбу тўпламда жамиятда ёшлар ўртасида ахлоқсизлик ва унинг тарқалишига, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга ҳамда радикал фанат ва ақидапарастларнинг ёт ғоялари таъсирига қарши фуқароларни айниқса ёшларни ҳимояловчи мустаҳкам маънавий билим қобиғи шаклланишига кўмаклашувчи ахлоқ-одоб, таълим, тарбия, ватанпарварлик, адолат ҳамда инсоний фазилатлар ҳақида фикр юритилади.
2. Тарбия аввало оиладан бошланади. Оилада яхши тарбия, билим олган инсон вояга етганидан кейин ҳам шу мафкурада ўсади. Оилада ота-она томонидан берилган ахлоқ-одоб тарбияси, китобхонлик маданияти, кўникмалар кейинчалик вақт ўтиб ҳаётий тажрибаларда ўз самарасини беради. Ҳозирги кунда айрим оилаларда болалар тарбиясига лоқайд қараш кузатилмоқда, баъзи ота-оналар фарзандларига эртак айтиб беришга ҳам эринади.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш йўлидан бири маҳалла еттилиги ва оилани ҳамкорликда ёшларда мустахкам маънавий ҳимоя билим қобиғи шакилланишига самарали кўмаклашувчи “Маънавий камолот сари” мавзулар тўплами бўйича давра суҳбатлари ўтказиб туришни мунтазам амалга оширишни тавсия этиш.
3. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини маҳаллаларда кенг тарғибот қилиш мақсадида “Маънавий камолот сари” мавзулар тўпламининг ҳар бир мавзуси бўйича ҳар бир маҳаллада давра суҳбатлари ўтказишда ҳамда оилада маънавий ва имон тарбиянинг узвийлигини таъминлашда, жамият аъзоларининг онги ва тафаккурини, ҳаёт фалсафасини, маънавий дунё-қарашини ривожлантиришда, ёшларнинг маънавиятини бойитишда, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда ҳамда жамиятда радикаллашув ва мутаассиблик, ёт ғоялар таъсирига қарши ҳимояловчи маънавий билим қобиғи шаклланишига самарали кўмаклашувчи манбаа сифатида фойдаланилса ижобий натижаларга эришиш мумкин бўлади.
4.Замонавий инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Маънавий камолот сари” мавзулар тўпламида Орият доно радио каналида 2024 йилда муфтий Бобохоновлар ҳақида тўрта эшиттиришларнинг ҳамда муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг таълим тарбияга оид ўн битта маъвизалари QR- Кодлари киритилган.
“Маънавий камолот сари” мавзулар тўпламининг тақдимоти Тошкент шаҳар МФЙ раислари, масжид имомлари, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди. Иштирокчиларнинг фикр мулоҳазалари илова қилинади.
“Маънавий камолот сари” мавзулар тўпламидан самарали фойдаланишдан кутилаётган натижалар
Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси миллати, динидан қатъий назар онги-шуури ва қалбида шу азиз Ватаннинг ажралмас бўлаги эканлиги, Ватанимиз равнақи, унинг порлоқ келажаги ва эртаси учун бирдек масъул эканлиги, бу йўлда хайрли ишларни амалга оширишга, миллатлараро тотувлик, дўстлик, бағрикенглик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш жараёнига йўналтиришга ҳамда юксак маънавиятли, илмли авлодни тарбиялашга, оилада тинчлик-тотувлик ўрнатишга мақсадли эришиш.
Ушбу олий мақсадга эришиш учун Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда харакат қилишлари лозимдир. Бунинг учун аввало “Маънавий камолот сари” мавзулар тўпламини кўп ададда чоп эттириб, ҳар бир маҳаллага, улар орқали ҳар бир оилага, ИИВнинг ўқув юртларига, жиноий жазони ижро этиш муассасаларига, вазирликларнинг академияларига ва малака ошириш ўқув юртларига етказиш механизмини ишлаб чиқиб, махсус курс ўтишни ташкил этиб, уни ўтказилишини назоратга олиб борсалар ҳам фуқароларда ҳам ёшларда мустахкам маънавий ҳимоя билим қобиғи шакилланишига ҳамда республика ахолисини маънавий юксалишига самарали ёрдам бўлади.
Муаллиф ҳақида
1944 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Отаси Абдуҳалим Усмонхўжаев Ўзбекистонда машина ва механизмлар назарияси мактабини яратган, техник олий ўқув юртларига дарслик муаллифи, ЎзФА академики. Онаси Сафияхон Бобохонова шайх, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг қизи.
Олий маълумотли, 1961-2007 й.й. Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ва республика давлат ва жамоат ташкилотларида фаолият юритган. 2006 йилдан нафақада. Шу йилдан бошлаб, VIII асрда Шомдан Марказий Осиёга Ислом маърифатчилари сафида келган Аждодбоши Ҳазрати Ювош Боб ибн Абдур ар-Раҳмон шажараси асосида Тошкент, Баку, Махачкала, Нижний Новгород шаҳарларда мустақил илмий-тадқиқот ишларни олиб борган.
Тўплаган маълумотлари, Муфтий Бобохоновларнинг сафдошлари ва шогирдларининг хотиралари ва суратлари “Жизнь муфтиев Бабахановых: служение возрождению Ислама в Советском Союзе”(2008 й, Москва), “Динимиз фидойилари” (2011 й, Тошкент), “Дарёдил Аллома”(2017 й, Тошкент) китобларида чоп этилган.
2014 йил 24 апрелдан Экология, Инсон ва табият хавфсилиги Халқаро Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, Маънавий тикланиш бўлими аъзоси.
“Мехнат фахрийси” I-даражали кўкрак нишони, “Фидойи ватанпарвар” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2019 йил 17 октябрда давлат рўйхатидан ўтказган “МУФТИЙ БОБОХОНОВЛАР ЖАМҒАРМА-СИ”нинг ташкилотчиси, илк директори, 2022 йил май ойидан директор маслахатчиси. Жамғарманинг буюртмасига асосан “Ўзингни англаб, одоб сақла” (Тошкент, 2019.), “Адолатни тиклаш машақ-қатлари”(Тошкент,2020), “Динимиз фидойилари” (2-чи тўлдирилган нашри, Тошкент, 2021), “Комилликка йўлланма” (Тошкент, 2024) номли китоблари ва “Маънавий камолот сари” мавзулар тўплами (2024) чоп этилди.
“Маънавий камолот сари” мавзулар тўплами ҳақида фикр-мулохазалари
Шайх Абдулазиз Мансур: Мен ушбу тўплам тузилишида маслаҳатлар бериб турдим. Афсуски, жамиятимизда эл-юрт тақдирига лоқайд, оилавий қадриятларга беписанд, ёт ғояларни кириб келиши ҳамда ёшлар тарбиясига масъулиятсиз фуқаролар пайдо бўлмоқда. Оқибатида ёшлар орасида ахлоқсиз, маҳаллаларда хуқуқбузарлик содир этишга моил бўлган фуқаролар юзага келди, ёш оилалар тарқаб кетмоқда. Шундай иллатлардан жамиятимизни тозалаш учун уларга қарши қаратилган маънавий, ғоявий иммунитетни кучайтириш лозимдир. Ушбу мавзулар тўплами фуқароларда маънавий ҳимоя қобиғи шаклланишига кўмаклашувчи мухим манбаа бўлишига ишонаман.
Сойибжон Негматов: Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, академик: Бугун Ватанимизда маънавий-маърифий муҳитни юксалишга муҳтарам Президентимиз катта ахамият бериб қарорлар чиқардилар. Биз олимлар ушбу қарорларни бажаришга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Тақдимотга тавсия этилган “Маънавий камолот сари” мавзулар тўплами фуқаролар маънавиятини юксалтиришда фойдали манба бўлишига ишонч билдираман.
Саидмухтор Саидқосимов, фалсафа фанлари доктори, профессор: Бизнинг кўпмиллатли давлатимизнинг ҳар бир фуқароси Ватанимизнинг ажралмас бўлаги эканлигини ҳис қилиши лозимдир. Шунинг учун Ватанимиз равнақи йўлида миллатлараро тотувлик, дўстлик, бағрикенглик, ҳамкорлик риштаралини мустахкамлаш жараёнида ҳамда юксак маънавиятли, илмли авлодни тарбиялашда, оилада тинчлик-тотувлик ўрнатишда фаол қатнашиши фуқаролик бурчи бўлиши шарт. Бу йўналишда мавзулар тўплами фуқарога ёрдамчи манба бўлиши мумкиндир.
Амирсаидхон Усмонхўжаев, мавзулар тўпламининг муаллифи:
Ушбу тўплам ҳар бир маҳаллада давра суҳбатлари ўтказишда ҳамда оилада уч авлод ўртасида маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашда, жамият аъзоларининг онги ва тафаккурини, ҳаёт фалсафасини, маънавий дунёқарашини ривожлантиришда, ёшларнинг маънавиятини бойитишда, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда, жамиятда радикаллашув ва мутаассиблик, ёт ғоялар таъсирига қарши маънавий ҳимоя қобиғи шаклланишига кўмаклашувчи мухим манбаа сифатида фойдаланилиш учун тузилган. Сизлар тўпламдаги ҳар бир мавзуни керакли жойда ишлатиб, фойдали таклифллар беришингизни кутаман.
“МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ САРИ“ мавзулар тўпламига Тошкент вилояти Қибрай тумани “Бунёдкор” МФЙнининг фикр ва мулоҳазалари
“Маънавий камолот сари” тўпламда хозирги кундаги долзарб ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган мавзулар ёритилган. Бу мавзулар маҳалла ёшларининг онгида маънавий ҳимоя қиладиган билим қобиғи шаклланиб мустаҳкамланиб боришига фойдалидир. Хар бир мавзуни ўқиган китобхон ўзи ва оиласи учун азиз бўлган буюк алломаларимиз сабоқларидан керакли маълумотни ва кўникмаларни олади. Масалан “Бунёдкор” маҳаллада ўтказилган маънавий-маърифий давра суҳбатларида бу мавзулар тўпламидан аҳлоқ одоб қоидалари; яхши ният билан турмуш қуриш арафасида турган қизлар эътиборига; инсонни ёвузликка ундовчи иллат; Ислом дини тарбияси ҳақида; оилада тарбия, китоб ўқишга ҳавас уйғотиш ота-онанинг бурчи ҳақида эшитган фуқаролар ва айниқса ёшлар эзгулик қилган инсон ҳеч кам бўлмаслигини ҳамда ёвузлик ҳеч қачон яхшилик олиб келмаслигини тушуниб етди, шу билан бирга ислом динига эҳтироми ошди.
Айниқса 15 мавзуда ёритилган муфтий Бобохоновлар сулоласининг хизматлари, улар тўғрисида ёритилган маълумотлар маҳалла аҳолисида жуда катта қизиқиш уйғотди, чунки бу сулоланинг вакиллари XIX аср охиридан бошлаб бугунги Бунёдкор маҳалла худудида яшашган ва яшаб келишмоқда. Бобохоновлар тўғрисида жаҳондаги сафдошлари, уламолар, хукумат аъзоларини илиқ ва самимий фикрлари маҳалла фуқароларини мамнун қилди. Давра суҳбатлари иштирокчилари тўпламда берилган QR-кодлари орқали муфтий Бобохоновларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда марҳум муфтий Зиёвуддинхоннинг мавизаларини эшитиш ва кўришга мувафақ бўлишди.
Умуман мавзулар тўплами фуқароларни тарбиялашда маънавий кўмак, уларни китоб ўқишга мехрини оширишга, баркамол оила қуриш сирларини ўргатишга, фақат ёшларни эмас ота оналарни ҳам тўғри йўлга солишга ёрдам берадиган ҳамда маҳалла еттилиги учун жуда фойдали маънавий манба деб қабул қииламиз.
Бундай ахлоқ-одоб, тарбия мавзуларига ҳамда инсонларга яхшилик, эзгулик тарқатадиган китоблар Ватанимизнинг ҳар бир маҳалласида ва оилаларда бўлса, уларни англаган фуқароларнинг маънавияти юксалишига ишонч билдирамиз.
*****
Маънавият масаласида жуда кўп китоблар чоп этилган. Аммо “Манавий камолот сари” номли мавзулар тўплами ҳаётни яхши англамаган, Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг ахлоқ-одоблари, мусулмон-нинг одоби, буюк уламоларимизнинг ҳаёт қуриш сабоқлари, ислом динининг тарбиявий ахамияти, совет давлатида дин ва диндорларга бўлган муносабатлар, муфтий Бобохоновларнинг хизмати ва сабоқлари ҳақида етарлича маълумот ололмаган фуқароларимиз айниқса ёшларимиз учун жуда фойдали деб биламиз.
Китобдаги мавзуларни ўқиб фақат ўқибгина қолмай уққиб чиққан фуқароларимизни айниқса ёшларимизни ҳеч қандай ташқи ёвуз кучлар, ақидапарастлар, турли ҳил ёт ғояли оқимлар ўз гирдобига торта ололмайди. Чунки бундай оқимларнинг ҳар қандай “чўпчакларига”, хақиқатни билган озгина бўлса ҳам исломнинг тарбиявий асосларини англаган ёшларимиз муккасидан кетиб ишонмайди.
Муаллиф фуқароларга, ёшларга керакли, долзарб мавзуларни тўплаган, уларни содда, тушунарли ва ўқишга осон тилда баён этган. Бу тўпламда шўро давлати динга қарши сиёсат юритган даврда, қийин замонларда ҳам диний илмли довюрак, бутун дунё тан олган, ёш авлод ғурурланса, ўрнак олса бўладиган ота-боболаримиз ҳақида ҳам маълумотлар борлиги кишини мамнун қилади.
Фуқаролар маънавияти юксалишига фойдали хизмат қиладиган мавзулар тўпламини чоп эттирган Муфтий Бобохоновлар жамғармасига миннатдорлигимизни билдирамиз.
Амирсаидхон Усмонхўжаев,
тўпламнинг муаллифи
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.