«Миллий тикланиш» ва ЎзЛиДеП фракциялари «Тараққиёт блоги»ни тузди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси ўртасида «Тараққиёт блоги»ни ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди, деб
хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
«Тараққиёт блоги» 93 нафар депутатдан иборат бўлиб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этади. Блокнинг ташкил этилиши партияларнинг дастурий мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда президент бошчилигидаги ислоҳотларни эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни қатъий давом эттиришга қаратилган.
«„Миллий тикланиш“ демократик партияси билан тузилган блок „Ўзбекистон — 2030“ стратегияси, уни амалга оширишга қаратилган ҳукумат дастурини тўла қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашда бор имкониятларини сафарбар этади. Шунингдек, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритишни муҳим деб ҳисоблайди», — дея қайд этди ЎзЛиДеП раиси Актам Хаитов.
Блок фаолияти доирасида қуйидаги йўналишлар
белгиланди:
- миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
- ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
- таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
- солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
- давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
- фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
- мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
«Бугунги глобал мураккабликлар даврида давлат ҳокимиятининг барча қисмлари мустаҳкам, барқарор ва аниқ мақсад йўлида ишлаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистонни ривожланиши ва халқимизни фаровонлиги устувор мақсадимиз. Мақсадга қадриятларимизга уйғун, миллий манфаатларимизга хизмат қиладиган қонунлар билан эришиш йўлида имкониятларимизни бирлаштирдик. Давлатимиз ва миллатимизга хайрли бўлсин», — дея блок юзасидан
изоҳ берди «Миллий тикланиш» раиси Алишер Қодиров.
«Тараққиёт блоги»нинг биринчи йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, ўтган йилги аудит тадбирлари натижаларига кўра 4,8 трлн сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланиб, бюджетга 2 трлн сўм даромад қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, 540,2 млрд сўмлик ортиқча ва ноқонуний харажатлар, шунингдек, 1,7 трлн сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилди.