«Таълимда сифат бўлиши учун, энг аввало, педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бунга тайёр бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, институтнинг 13 та ҳудудий маркази қайта ташкил этилади.
Шунингдек, Низомий олийгоҳи — Миллий педагогика университети сифатида таянч олийгоҳ, унинг ректори эса бир вақтнинг ўзида кадрлар тайёрлаш бўйича вазир ўринбосари ҳисобланади. Ҳудудлардаги 12 та педагогика олийгоҳи ҳам ММТВ тизимига ўтказилгани айтиб ўтилди.
Педагог, талаба ва ўқувчилар билим ва кўникмасини баҳолашнинг ягона тизими яратилиб, мустақил бўлган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил қилингани таъкидланди.
Эндиликда мутасаддилар яратилган имкониятлар асосида кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни баҳолаш бўйича мутлақо янги тизимни жорий қилиши белгиланди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойида Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилиши маълум бўлганди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари мазкур институтни бориб кўрган. «Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ, — деганди ўшанда Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.