Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлат раҳбарига Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд, бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва тилакларини етказди.
Қўшма лойиҳалар портфели 27 миллиард долларга етгани қайд этилди. ACWA Power компанияси билан энергетика соҳасида 15 миллиард долларлик қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
«Яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кўчмас мулк, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳа ва ташаббусларни тез фурсатда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу куни Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда подшоҳликнинг инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, ACWA Power, Al Muhaidib Group, Vision Invest, Data Volt, Riyadh Cables, AlMajdiah, InterHealth, Saudi Tabreed, AlBawani Holding, Miahona, Pemco ва бошқа етакчи компания ва корпорациялари иштирок этди.
Учрашув аввалида президент икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.
Бугун икки мамлакат ўртасидаги шерикликнинг далили бўлган тарихий лойиҳа — янги Тошкент халқаро аэропортининг қурилишига тамал тоши қўйилиши алоҳида таъкидланди.
«Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформациясига, унинг ривожланишига катта ҳисса қўшаётган саудиялик ҳамкорларимизни биз доим юксак қадрлаймиз», — деди президент.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб, энергетика соҳасидаги лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Ўзбекистон вольфрам, молибден, магний, литий, графит, титан ва бошқа стратегик муҳим фойдали қазилмаларнинг катта захираларига эгалиги таъкидланган.
Тошкент ва Самарқанд вилоятларида «Келажак металлари технопарки» ташкил этилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчиси саудиялик инвесторларни геология-қидирув ишларини олиб бориш ва хомашёни қазиб олишдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлардаги лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Инфратузилма соҳасида Miahona компанияси билан Фарғона ва Жиззах шаҳарларида оқова сувларни тозалаш, Қорақалпоғистонда сув таъминоти тизимларини ривожлантириш ва насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳалари бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Saudi Tabreed компанияси билан коммунал соҳани ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Президент подшоҳлик компанияларини инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган янги ўзаро манфаатли лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони етакчи ишбилармон доиралари вакиллари янги Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати, барқарор ўсиши ва қулай инвестициявий муҳитини юқори баҳолаб, мамлакатимизда ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш, аниқ лойиҳа ва дастурларни илгари суриш режаларини баён қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.