МДҲ мамлакатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Самарқандда учрашув ўтказади

МДҲ мамлакатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Самарқандда учрашув ўтказади

16−17 октябрь кунлари Самарқандда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисларда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон махсус хизматлари раҳбарлари иштирок этади. Шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази вакиллари ҳам қатнашади.

Кун тартибидаги муҳокамаларнинг асосий мавзулари — Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний халқаро айланмасига қарши курашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир, дейилади хабарда.

Йиғилишлар давомида замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда. Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ вазифа ва йўналишларини белгилаб олади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.