29 март куни Кўксаройда Туркия президентларини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған шоҳсупага кўтарилгач, Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди, дейилади хабарда.
Учрашувда асосий эътибор стратегик шериклик муносабатлар даражасини юксалтириш, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашар эканлар, мамлакатларнинг позициялари ўхшаш эканини қайд этган. Кўп томонлама халқаро институтлар доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакатларнинг қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклиги барча соҳаларда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривож топаётганини алоҳида қайд этди.
Икки мамлакат етакчиларининг расмий ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, сермаҳсул амалий шериклик учун кенг имкониятлар очди.
Савдо ва инвестиция соҳаларида алоқалар жадал ривожланмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди, дейилади хабарда.
Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олинди.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши қарорларини амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш режалаштирилган.
Ҳамкорлик кўлами кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар икки томонлама муносабатларни янги даражага — кенг қамровли стратегик шериклик босқичига олиб чиқишга қарор қилди.
«Анадолу» хабар беришича, Режеп Эрдоған кенгаш йиғилишини икки йилда бир маротаба эмас, балки ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йил якунларига кўра, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама товар айланмаси 3,6 млрд долларга етиб, бу кўрсаткич 72 фоизга ўсган. У шунингдек, томонлар биринчи босқичда 5 млрд долларга, кейинчалик эса 10 млрд долларгача кўратиришни мақсад қилганини таъкидлади.
Музокаралар якунида Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёевга икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Туркияга ташриф билан келишни таклиф этди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнот имзолади.
Жумладан ҳар икки томон вакиллари қуйидаги ҳужжатларни алмашди:
Улардан бири Ҳарбий ҳадли ҳукуматлараро битим — Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов (суратда ўнгда) ва Туркия миллий мудофаа вазири Хулуси Акар (суратда чапда) томонидан алмашилган.
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов (суратда ўнгда) ва Туркия адлия вазири Бекир Бўздағ (суратда чапда) эса Маҳкумларни топшириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва Адлия вазирликлари ўртасида суд-экспертизаси соҳасида ҳамкорлик меморандумини алмашди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.