Президентнинг 11 апрелдаги «Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли меъёрий ҳужжатларга хусусий тиббий фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар учун лицензия олишда санитария ва қурилиш талабларини соддалаштириш бўйича ўзгартиришлар киритиш топшириғи берилди.
Юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, БҲМнинг 5 баравари миқдорида ундирилади.
Ўзбекистонга қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан, диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар ўқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди.
Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинади.
Даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб бекор қилинади. Бунда, даволаш муассасалари томонидан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш автоматлаштирилган махсус дастур орқали электрон шаклда амалга оширилади.
Фармон билан ССВнинг тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифлари ҳам маъқулланди:
Тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материалларини ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга асосан, 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.