Финляндиянинг Ўзбекистондаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Йоханна Мария Огрен тайинланди.
Бахтиёр Саидов кейинги йилларда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 26 февралда ўрнатилган.

Португалиянинг мамлакатдаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Сара Мартинш ҳам ишонч ёрлиқларини топширди.
ТИВ раҳбари жорий йил апрель ойида Лиссабонга амалга оширилган ташриф Ўзбекистон-Португалия муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашда муҳим қадам бўлганини таъкидлади. Суҳбат чоғида мазкур ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш, иқтисодий дипломатияни жадаллаштириш ва ҳудудлараро алоқаларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Португалия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 12 августда ўрнатилган.

Аргентинанинг Ўзбекистондаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Энрике Игнасио Феррера Виейра тайинланди.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг мавжуд салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни институционал асосда мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни икки томонлама муносабатларнинг асосий устунларидан бирига айлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Аргентина ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 9 сентябрда ўрнатилган.

Шунингдек, қароргоҳи Анқара шаҳрида жойлашган Гамбиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алкали Фанка Контех ҳам ишонч ёрлиқларини топширди.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Африка давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратаётганини, Гамбия билан ҳамкорликда ҳали тўлиқ ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлигини қайд этди. Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Алкали Фанка Контех Гамбиянинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 2024 йил 14 мартда ўрнатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.