Прокуратура Каримовани пора олиш ва 2005–2013 йилларда Швейцария банк ҳисобларига юзлаб миллион доллар ўтказгани айтилган «Офис» номли жиноий тузилмага раҳбарлик қилишда айблаган эди.
Тергов материалларига кўра, Lombard Odier банки ва унинг собиқ ходими Каримованинг жиноий фаолиятдан олинган, деб ҳисобланган маблағларини яширишга кўмаклашганликда гумон қилинган. Суд жараёни жорий йил апрель ойида бошланган.
Суд қарорига мувофиқ, банк пул ювишнинг олдини олиш учун «барча зарур ва оқилона ташкилий чоралар»ни кўрмаган деб топилди. Шунингдек, 400 миллион Швейцария франкидан ортиқ активларни мусодара қилиш белгиланди. Банкнинг собиқ ҳисоб менежери эса 24 ойлик шартли озодликдан маҳрум этиш жазосини олди.
Lombard Odier баёнотида мазкур иш 2012 йилда банкнинг ўзи шубҳали операциялар ҳақида Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берганидан сўнг бошлангани таъкидланди. Банк ўша вақтда ички назорат ва пул ювишга қарши кураш тизими ишончли бўлганини билдириб, суд қарорини шикоят қилишини маълум қилди.
54 ёшли Гулнора Каримова ўзининг барча айбловларни рад этишда давом этмоқда. У Ўзбекистонда коррупция, товламачилик ва мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган. 2019 йилда уй қамоғи шартларини бузгани учун жазони ижро этиш колониясига ўтказилган.
Суд маълумотига кўра, Каримовага нисбатан иш унинг жавобгарликка тортиш муддати тугагунга қадар озод қилиниши ёки Швейцарияга экстрадиция қилиниши эҳтимоли мавжуд эмаслиги сабабли тугатилган. Россияда яшовчи яна бир айбланувчига нисбатан иш ҳам унинг Швейцарияга ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра кела олмагани учун бекор қилинган.
Суд, шунингдек, жиноят содир этилганига кўп вақт ўтгани инобатга олиниб, банк ва унинг собиқ ходимига тайинланган жазо енгиллаштирилганини қайд этди. 2011 йил июлигача бўлган даврга оид айбловлар эса даъво муддати тугагани сабабли бекор қилинди.
Аввалроқ Швейцариядан қайтарилган Гулнора Каримовага тегишли активларнинг 43,5 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилиши маълум қилинган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.