Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга боради

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга боради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль — 1 август кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қирғизистонга боради. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Музокаралар давомида президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик, қўшма саноат лойиҳалари, транспорт алоқалари ва икки мамлакат ўртасидаги маданий муносабатларни муҳокама қилади. Шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади. Учрашув якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Иссиқкўлда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида, шунингдек, бошқа тадбирларда ҳам иштирок этади.

Озарбайжон 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи саммит якунларига кўра Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг тўлақонли иштирокчисига айланган эди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2023 йил 26−27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлган эди. Ўшанда томонлар ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганини эълон қилган.

Садир Жапаров илк бор 2021 йил 11−12 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган. Кейинги ташрифи 2024 йил 18−19 июль кунлари бўлиб ўтган. Музокаралар якунлари бўйича президентлар қўшма баёнот ҳамда 16 та ҳужжатни имзолаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.