Булар — ҳозиргача ижтимоий тармоқлар орқали кўриниб қолган ҳолатлар. Яна қанчаси жамоатчиликдан яширилгани ёки ёпиқ қолаётгани номаълум. Аммо умумий картинада вазият яхши эмаслиги аниқ. Боиси, таълим тизими ривожланган давлатларда биргина болага нисбатан қилинган зўравонлик ҳам кўп ҳисобланади.
Ўзбекистон боғчаларида болалар зўравонликка учрашининг илдиз сабаблари нимада? Нега тизимдаги назорат ва хавфсизлик механизмлари бундай воқеаларнинг олдини ололмаяпти? Жисмоний ва бунинг ортидан руҳий зарбалар олиш болага қанча вақт салбий таъсир кўрсатади? Gazeta Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Лола Бердиева, педагог Шокир Турсун ҳамда оила психологи Розалия Габдулҳакова билан айни мавзуни таҳлил қилишга уринди.
Видеони тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Ҳаволадан кейин суҳбатнинг қисқартирилган матнли баёни келтирилади.
«Албатта, вазирлик бу борада тегишли хусусий мактабгача таълим ташкилотлари лицензияларини бекор қилиб, болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган масъулларга чора кўрган, улар жиноий жавобгарликкача тортилган. Бундай ҳолатлар содир қилинганда унинг оғирлигидан келиб чиқиб жарималар солинган, ҳатто, бир йилгача уй қамоғи жазоси қўлланган тарбиячиларимиз ҳам бор», — дейди Лола Бердиева.
«53 нафар мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига тегишли чоралар кўрилган. 6 та хусусий боғчанинг лицензияси бекор қилинган ва 20 га яқин масъуллар жиноий жавобгарликка тортилган. Лекин 2025-йилга нисбатан солиштирганда, 2026-йилда бундай ҳолатлар камроқ учрамоқда. Камроқ учраганини фахрланиш нуқтайи назаридан айтмаяпмиз. 2025-йил якуни ва 2026-йил бошида амалга оширилган тадбирларнинг натижасида ушбу ҳолатлар камайганини кузатяпмиз. Нима учун бундай ҳолатлар учраб келаётгани борасида чуқур изланганмиз. Якунда тарбиячиларларнинг фаровонлигини таъминлаш ва психологик қўллаб-қувватлаш жараёнлари жуда кўп йиллар назардан четда қолиб кетган деган хулосага келганмиз», — дейди расмий вакил.
Бердиеванинг таъкидлашича, аксарият зўравонликлар хусусий боғчаларда содир бўлмоқда. У бунга йўл қўйиб берилаётганини вазирлик назорати камлиги билан билан боғлади.
«Айнан хусусий ва ДХШ асосидаги боғчаларга вазирлик кириб бориши имконияти мавжуд бўлмаган. Бу ерда тадбиркорларни ҳимоя қилувчи бизнес омбудсман сабаб тўсиқлар бор эди. Биз профилактик ишларни ўтказиш учун ҳам кира олмайдиган вазиятларимиз бор. Лекин бу муаммони ҳам ечдик, бизнес омбудсман билан жуда кўп музокаралар ўтказиб, уларга далилларни кўрсатдик. Яъни бу ишлаб чиқариш эмас, таълим соҳаси эканини, боғчанинг иқтисодий фаолиятига аралашмаслигимизни, солиқ тўлаган-тўламаганлигини текширмаслигимизни, шунчаки профилактика учун боғчаларга кира олишимиз лозимлигини тушунтирдик. Боғчаларда дастур асосида таълим-тарбия жараёни олиб бориляптими, йўқми, фақат суҳбат жараёнида аниқлаш мумкинлигини исботлаб, ҳозирги кунда қонунчиликка ўзгартириш киритилишга эришдик. 2026 йил 1 августдан бошлаб биз тўлиқ хусусий ва ДХШ асосидаги нафақат мактабгача, балки таълим ташкилотларига ҳам профилактика учун кириб, уларнинг фаолиятини, ҳақиқатдан ҳам тегишли дастурларга мос таълим-тарбия жараёни ташкил этилганлигини ўрганишимиз мумкин», — дейди у.
Лола Бердиева зўравонликлар тизимли муаммо эканини расмийлар тушуниб турганини ҳам қўшимча қилди.
«Албатта, бунинг муаммолигини ҳаммамиз кўриб турибмиз ва бу муаммони ечиш кераклигини ҳам жуда яхши англаб, бу борада тегишли таъсирчан чораларни кўряпмиз, яъни фақатгина жазолаш чораларини қўллаш билан эмас, балки унинг илдизини даволаш билан шуғулланяпмиз», — дейди у.
«Биринчидан, бизга шундай кўриняпти. Яъни кўпроқ хусусий ташкилотлардаги вазиятлар кўриняпти. Биз одатда зўравонликни қаердан биламиз? Маълумот берилганда биламиз. Қачон маълумот берилади? Ота-она ҳушёр бўлган пайтда маълумот берилади. Боласини хусусий таълим ташкилотига берган ота-оналар эса кўпроқ ҳушёр. Давлат боғчаларига берганлар камроқ ҳушёр бўлиши ёки камроқ кузатиши эҳтимоли бор. Шунинг учун хусусийда бўлаётган ҳолатлар кўпроқ чиқади ва кўпроқ кўринади. Фақат уларда кўпроқ деган қарашга шу жиҳатдан қўшилмайман», — дейди у
Иккинчидан, камера назорати ҳам хусусийларда яхшироқ ва кўпроқ йўлга қўйилган бўлади. Шунинг учун, табиийки, шундай кўринади. Яъни биз кўпини кўрмаётганимизга, кўп ҳолатлар маълум бўлмай қолаётганига ишонаман. Давлат ёки хусусий ташкилотларда бундан ҳам кўпроқ бўлаётган бўлиши, уни ҳам билмаётган бўлишимиз мумкин. Яъни муаммони ташкилот ва ота-онанинг ўзи ўзаро ҳал қилиб юбораётган бўлиши мумкин. Ёки ота-она умуман сезмаётган бўлиши ҳам мумкин", — дейди Шокир Турсун.
Шокир Турсун сўзига кўра, дунёда «хавфсизлик таълими» деган тушунча бор ва унинг қоидаларига асосан «бирор бир хавфни олдиндан башорат қилиб бўлса, у — тизимнинг хатоси» бўлади.
«Болага нисбатан зўравонлик қилишни башорат қилиш мумкинми? Ҳа. Демак, „бу — тизимнинг айби“ дейилади. Мисол учун, автомобил ишлаб чиқаришни олинг, ишчининг бошига автомобилнинг балони тушиб кетса, буни олдиндан башорат қилиш мумкин деб қаралади. Чунки, у қачон тушиб кетади? Балонни ушлаб туриши лозим деталлар яхши ишламаса, тушиб кетади. Ишчи қачон зарарланади? Ҳимоя воситасини киймаган бўлса. Яъни, бу ишчининг айби эмас, бу — тизимнинг айби дейилади. Шу ғоя, фалсафадан келиб чиқиб, мен буни тизимнинг айби дейман», — дея таъкидлади у.
«Швейцария пишлоғи қачон Швейцария пишлоғи бўлади? Тешиклари етарли бўлса. Бизда ҳам зўравонлик қачон зўравонликка айланади? Тизимдаги „тешиклар“ бир жойга йиғилганда. Мисол учун, тарбиячини ишга олишда яхши назорат қилмадингизми, бу — битта тешик. Тарбиячилар бир-бирининг ўзаро характеридан арз қилиши учун ёпиқ, яъни аноним каналлар йўқми, бу ҳам битта тешик. Тарбиячининг доимий малакаси оширилмайдими? Бу ҳам битта тешик. Мана шу тешиклар бирлашганда зўравонлик пайдо бўлади. Шунинг учун бу шахснинг эмас, тўлақонли тизимнинг айби бўлади», — дея қайд этди таълим масалалари бўйича эксперт.
Унинг айтишича, профилактика орқали ҳамма нарсанинг олдини олиб бўлмайди, лекин ноҳуш ҳолатларни камайтириш имкони бўлади. Мисол учун, болани ток урди. Бу ҳам тизимли хато, чунки ҳеч ким олдиндан сезмаган, ҳеч ким бир-бирини хабардор қилмаган, хавфсизлик қоидалари ёзиб қўйилиб, ҲР томонидан ўргатилмаган.
«SPQRC — Safety (хавфсизлик), People (инсон), Quality (сифат), Responsiveness (масъулият), and Cost (нарх) деган тизим бор. Шунинг биринчисида хавфсизлик туради, унда ёзиб қўйилади: «ҳеч қайси «розетка»га боланинг қўли етмайдими? Ҳеч қайси сим очиқ эмасми? Ҳеч қайси бола ҳатто, ёпиқ бўлса ҳам шу симни босиб олмайдими? Ёки зиналар етарли даражада баландми/пастми? Қайрилишлари етарли даражада тўғри олинганми? Боланинг оёғи етадими? Бола югурган пайтда гиламда қоқилмайдими?». Шунинг ҳаммасини ҳисобга олсангиз, муаммони тизим ҳал қилиб бера олади. Янги тизим жорий қилаётган пайтимизда зўравонликни ҳам худди шунақа ҳал қилиб бера оладиган механизм қилиш керак», — дейди у.
Расмий вакил Лола Бердиева бу жараёнда инсон омилини борлигини ҳам инобатга олиш муҳимлигини эслатди. Шокир Турсун буни рад қилмаган ҳолда тизимда унинг таъсирини минималлаштириш имконияти борлигини таъкидлади.
«Мактабгача бўлган давр — жуда ҳам муҳим бўлган пайт ва, афсуски, шу даврда олинган жароҳатлар болалар билан бутун умр қолиши мумкин. Масалан, яқинда битта дугонам билан гаплашгандим. „Рус боғчасига борганман, рус тилини билмаганман, менга боғча опам руҳий жароҳат етказган“ дейди, ҳозиргача русийзабон одамларнинг орасига кирганда ўзини яхши ҳис қилмайди. Иккиланиб, қўрқиб туради», — дея қайд этди у.
«Демак, шундай таъсирлар бўлади ва афсуски, ҳамма ўйлагандек, болага битта бақириб қўйилса, бир урилса ҳеч нарса бўлмай ўтиб кетмайди, балки бу боланинг катта одамларга бўлган ишончига путур етказади. Аслида биз боланинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак, улар катта одамларга қийинчилик вақтида келиб мурожаат қила олиши, боғча мисолида айнан боғча опасига айтиши керак. Бошқа бола унга зўравонлик қилганда, уни хафа қилганда, онасининг ўрнига ишонган инсони боғча опаси бўлиши керак. Лекин агарда боғча опанинг ўзи унга зулм кўрсатадиган, унга озор берадиган бўлса, бола ҳамма муаммоларни ичига ютиши ва муаммони муаммо деб қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳали уларда таҳлил қилиш қобилияти бўлмайди, фарқламайди. Аксинча, уларни кимдир доимий равишда зўрлаб борса ҳам норма деб қабул қилишни бошлайди. Шунинг учун бу — жуда муҳим бўлган давр», — деди психолог.
«Бир уриб қўйгандан кейин боланинг ишончини қайта тиклашга анча вақт керак бўлади. Буни эмоционал ришта, эмоционал боғлиқлик деб айтилади. Эътибор берсангиз, болалар бегона одамлардан қўрқади, ўзиникиларнинг олдида ўзини эркин ҳис қилади. Инжиқлик ҳам, эркалик ҳам қилиши мумкин. Уларнинг олдида бемалол ўйнайди. Шу ишонган одами бир марта унга озор берса, унга яна ишониши учун анча вақт керак. „Боғча опа бир марта шундай қилди ва энди такрорламайди“ деган кафолат берилса, бу катта таъсир қилмаслиги мумкин, лекин, афсуски, тарбиячи жаҳли, норозилигини вербал абюз тарзида ифодалайдиган бўлса, бу кўпинча бир марталик бўлмайди», — дейди Габдулҳакова.
Шунингдек, суҳбат давомида респондентлар билан боғча тизимидаги назорат ва хавфсизлик чоралари қанчалик ишлаётгани, тарбиячиларнинг руҳий ҳолати, касбнинг ўзи қанчалик жозибадорлиги ҳамда нималар қилиш кераклиги ҳам муҳокама қилинди. Батафсил тўлиқ видеони юқоридаги ҳаволи орқали Gazeta`нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.