Давлат раҳбари сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари тарқоқ ҳудуддан умумий тараққиёт мақсадлари йўлида бирлашаётган минтақага айланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг маслаҳатлашув форматига қўшилиши ҳамкорликни макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.
«Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз — Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда. Ушбу вазиятдан тўлиқ фойдаланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Президент минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантириш, давлатлараро ташкилотлар ва «Марказий Осиё плюс» форматлари доирасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция платформаларини ривожлантириш бўйича келгуси қадамларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Президент Марказий Осиё таълим, илм-фан ва катта маълумотлар соҳасида инновациялар бўйича рақобатбардош хабга айланиши кераклиги қайд этди. Бунга кадрлар салоҳияти, сунъий интеллект технологиялари, дата-марказлар ва энергетика қувватларини бирлаштирган яхлит инфратузилмани яратиш орқали эришиш мумкин.
Давлат раҳбаи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим минтақавий кун тартибининг устувор йўналиши бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолишини билдирди. Унинг фикрича, ягона табиий маконимизда юзага келаётган таҳдидлар давлат чегараларини тан олмайди, шундай экан, уларга жавоб чоралари ҳам умумий бўлиши керак.
«Жорий йилги ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши иқлим ўзгариши аллақачон иқтисодиёт, сув ва энергетика хавфсизлиги, одамларнинг саломатлиги ва ҳаёт сифатига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган омилга айланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Ана шундай янги хавф-хатарларга биргаликда мослашиш бўйича узоқ муддатли ечимларни топиш муҳимдир», — деди президент.
Якунда Мирзиёев гуманитар алоқаларни кенгайтириш минтақада бирдамлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашини билдириб, «Бизнинг умумий кучимиз — бирлик, ўзаро ишонч ва биргаликдаги яратувчанликка қатъий садоқатимизда», деди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.