Унинг сўзларига кўра, тор доирадаги музокараларда томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имкониятларини муҳокама қилган.
«Биз товар айирбошлашни бир неча баробар ошириш имконияти борлигига келишиб олдик. Биз аввал 2 млрд доллар ҳақида гапирган эдик, аммо тор доирада Садир Нургожоевич бу камлигини айтди. Инвестициялар билан шуғулланаётган ҳамкасбларимизга, мана менинг бош вазир ўринбосарим [Жамшид] Ходжаевга ҳам айтаман: 2 млрд доллар — бу кам», — деди президент.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилга нисбатан 37 фоизга ошиб (874,7 млн доллардан), 1,2 млрд долларга етган. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса савдо ҳажми 624,6 млн долларгача (+45%) кўтарилган.
Унинг эслатишича, илгари икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми анча паст бўлган.
«Биз бошлаганимизда, товар айирбошлаш 60−100 млн долларга ҳам етмасди… Мен сизга „жок“ деган сўзни жуда кўп эшитишимни айтган эдим. Ҳозир эса кейинги вақтларда бизда бу сўз унутилди, унинг ўрнига „бор“ деган сўз пайдо бўлди — бор, қилиш мумкин. Бу сизнинг сиёсий иродангиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида қўшма корхоналар сони 450 тага етган. Саноат кооперациясини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

«У менга ҳатто суратларни ҳам кўрсатди. Садир Нургожоевич, қурилиш ишлари режадан илгарилаб кетаётгани менга жуда ёқди. Ростини айтсам, бу — аср қурилиши, бу ҳақиқатан ҳам аср қурилиши. Бу темирйўл геосиёсатни бутунлай ўзгартиради. Биз бунинг учун сиз билан қанча меҳнат қилдик — тушунадиган одам тушунади. Бу катта ютуқ», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, сўнгги бир йилда мамлакатлар темирйўл лойиҳаси ҳамда Қамбарота ГЭС 1 қурилиши бўйича сезиларли ютуқларга эришган.
У, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ва маданий алмашинувлар ривожланаётганига эътибор қаратди. Қирғизистонда ташриф арафасида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
«Менинг вазирим [маданият вазири Озодбек Назарбеков] менга ҳисобот бердики, икки халқ яқин халқлардек бир хил қўшиқларни куйлади, таржимонларсиз рақсга тушди ва кайфият жуда яхши бўлди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Садир Жапаров ушбу учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этадиган ҳамда ўзаро ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача оширадиган ҳужжатларни имзолашини билдирди. У, шунингдек, Андижонда Қирғизистоннинг бош консулхонасини очиш бўйича қарор қабул қилинганини айтди.
Аввалроқ Gazeta президентлар музокаралари ҳақида ёзган эди. Асосий мавзулар қаторида энергетика, савдо ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўлган. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, мамлакатлар делегациялари икки томонлама қатор ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ва Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим билан алмашди.
Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери муҳокама қилинади. Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга йўналишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилди. Томонлар темирйўлнинг кенглиги, шунингдек, бориш қийин бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтадиган магистралнинг қурилиш қиймати ва унинг йўналиши ҳақида келишиб ололмайди. Бу Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлининг умумий узунлиги 532,53 км бўлиб, шундан тахминан 312 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.
Келишув шартларига кўра, Хитой қўшма корхонада 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улуш олади.
Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ўз маблағларининг ярмини қўшма корхонадаги улушларга мувофиқ иштирокчи мамлакатлар тақдим этади: 1,18 миллиард доллар Хитой, қарийб 700 миллион доллар Қирғизистон томонидан ажратилади. Шу билан бирга, 19 июнь куни Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистон ва Қирғизистон 573 миллион доллардан ажратиши айтилган эди.
Бўлажак ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. ГЭСнинг сув омбори ҳажми 5,4 миллиард куб метр, тўғон баландлиги 256 метр. Станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСнинг қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда. Ўзбекистон собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Қамбарота ГЭС 1 лойиҳасининг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4,2 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилганди.
Биринчи гидроагрегат асосий қурилиш босқичи бошланганидан тўрт йилдан сўнг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Келишув шартларига кўра, Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС 1 акциялари ваактивлари тўлиқ Қирғизистон мулкига айланади. Томонларнинг улушлари ўзгаришсиз қолади, уларни бирлаштириш, бошқага ўтказиш ва сотиш тақиқланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.