Йиғилишда ишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ–133-сон қарори талабларини бажаришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу қарор ёнилғи-энергетика ресурсларидан ноқонуний ва нооқилона фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган.
Пойтахтда муҳандислик тармоқларига ноқонуний уланиш ва энергия ресурсларини йирик миқдорда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича кучайтирилган рейдлар ўтказилади. Шунингдек, электр энергияси йўқотишлари юқори бўлган ҳудудлар ва назорат органларида шубҳа уйғотган манзилларда ҳам текширувлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, ҳисоблагичларига ташқи аралашув қилинган ёки АСКУЭ ва АСКУГ автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимлари орқали узоқ вақт маълумот узатмаган истеъмолчилар манзилли тарзда таҳлил қилинади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, назоратнинг кучайтирилиши ноқонуний уланишлар ва бошқа қонунбузарликларга чек қўйиш, шунингдек, Тошкент аҳолисини барқарор ва сифатли энергия таъминоти билан таъминлашга хизмат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.