Иқлимга мослаштирилган технологиялар Ўзбекистон боғдорчилиги салоҳиятини мустаҳкамламоқда

Иқлимга мослаштирилган технологиялар Ўзбекистон боғдорчилиги салоҳиятини мустаҳкамламоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) билан ҳамкорликда «Барқарор тижорат боғдорчилиги учун аниқ деҳқончилик» (PARCH) лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Япониянинг Осиё–Тинч океани минтақаси фаровонлиги ва барқарорлиги жамғармаси (JFPR) орқали молиялаштирилмоқда. 2025–2028 йилларга мўлжалланган ташаббус аниқ деҳқончилик технологиялари ва иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда боғдорчиликнинг маҳсулдорлиги ва иқлимга бардошлилигини оширишга қаратилган.

Лойиҳа 15 та фермерлар гуруҳини қамраб олган бўлиб, улар таркибига 35 нафар боғбон, 82 нафар деҳқон хўжалиги вакили ҳамда қишлоқ хўжалиги масъулияти чекланган жамияти билан шартнома асосида ишловчи етти нафар фермер киради. 60 нафардан ортиқ фермер иштирокида ўтказилган жойига чиққан маслаҳатлар натижасида шаффоф баҳолаш тартиби асосида 124 нафар бенефициар танлаб олинди. Улардан 75 нафари аёллар (60,5 фоиз), 49 нафари эса эркаклардир (39,5 фоиз).

Фермерларнинг бизнес таклифлари ва аниқланган эҳтиёжлари асосида иқлимга бардошли боғдорчиликни қўллаб-қувватлаш учун жиҳозлар тўплами шакллантирилди. Устувор ечимлар қаторига қуёш энергияси тизимлари, томчилатиб ва интеллектуал суғориш технологиялари, қишлоқ хўжалиги пуркагичлари, соялатувчи тўрлар, сув насослари ҳамда совутгич омборлари киритилди. Уларни жорий этиш сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва хўжаликларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига бардошлилигини мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Лойиҳани маҳаллий шароитларга мослаштириш мақсадида мутахассислар 15 та боғни техник баҳолади ва 20 та деҳқон хўжалигига ташриф буюрди. Ўрганишлар натижалари сув танқислиги ҳудудда боғдорчилик ривожи учун энг жиддий муаммо бўлиб қолаётганини тасдиқлади. Энг истиқболли ечимлардан бири сифатида қуёш энергиясида ишлайдиган суғориш тизимлари эътироф этилди. Улар сув ресурсларини самарали бошқариш ва хўжаликларнинг анъанавий энергия манбаларига қарамлигини камайтириш имконини беради.

Лойиҳа замонавий боғдорчилик усулларининг салоҳиятини ҳам намойиш этмоқда. Анъанавий олма боғларида ўртача ҳосилдорлик гектарига 8–12 тоннани ташкил этса, интенсив боғларда бу кўрсаткич 25–40 тоннагача етади. Фермерлар босқичма-босқич юқори зичликда экиш (High-Density Planting – HDP) тизимларини жорий этмоқда. Бу технология анъанавий боғларга нисбатан ҳосилдорликни тўрт-беш баравар ошириш имконини беради.

«Барқарор боғдорчилик соҳасини шакллантириш нафақат замонавий технологияларни жорий этишни, балки фермерларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашни ҳамда маҳаллий эҳтиёжларга мос амалий ечимларни тақдим этишни талаб қилади. Лойиҳа доирасида биз фермерларга аниқ деҳқончилик технологияларини ўзлаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва боғдорчилик ишлаб чиқаришининг узоқ муддатли барқарорлиги ҳамда рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқдамиз», — деди лойиҳанинг техник мутахассиси Хайрулла Эсонов.

Лойиҳанинг кейинги босқичида иштирокчилар ўсимликларни интеграциялашган ҳимоя қилиш (IPM), иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги ва аниқ деҳқончилик технологиялари бўйича ўқув курсларидан ўтади. Харид жараёнларига тайёргарлик аллақачон якунланган бўлиб, бу зарур жиҳозларни бенефициарларга ўз вақтида етказиб бериш имконини беради.

Инновацион технологияларни жорий этишдан ташқари, лойиҳа фермерларга техник кўмак кўрсатиш, зарур инфратузилмани ривожлантириш, иқлимга мослаштирилган боғдорчилик ва замонавий агрономик амалиётлар бўйича салоҳиятни мустаҳкамлаш, шунингдек, бизнесни ривожлантириш ва бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришни ҳам назарда тутади.

Замонавий технологиялар, эксперт билимлари ва мақсадли инвестицияларни бирлаштирган ҳолда, PARCH лойиҳаси Ўзбекистонда боғдорчиликнинг маҳсулдорлиги, рақобатбардошлиги ва иқлимга бардошлилигини оширишга, шу билан бирга фермерларнинг ортиб бораётган иқлим хатарларига мослашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.