Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой раиси Си Цзиньпин, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.
Президент Ўзбекистон ШҲТ ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келаётганини қайд этди.
«Биз ҳамкорлигимиз марказида ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги бўлган Марказий Осиё турганини алоҳида қадрлаймиз», — деди у.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, учрашув геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган бир даврда ўтмоқда.
«Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Биз минтақада мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси ташкилот олдида турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.
Ушбу динамикани кўп томонлама қўшилган қиймат занжирларини барқарор ривожлантиришга йўналтириш зарур. Шу мақсадда махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишни таклиф этилди.
Натижада бизнес, инвесторлар ва давлат тузилмалари учун амалда универсал рақамли дарча пайдо бўлади.
Ушбу институт фаолияти умумминтақавий аҳамиятга эга бўлган, ҳаётга татбиқ этиш учун тайёр инвестиция таклифларига таяниши лозим.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги устувор лойиҳалар портфелини танлашни бошлаши керак.
У сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш мақсадида ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф этди.
Ўзбекистон келгуси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди.

2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бу йўналишдаги қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини шакллантиришни давом эттириш ўта муҳимдир.
«ШҲТга аъзо давлатларнинг темирйўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Логистика инфратузилмасини ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва миллий транспорт тизимларининг чоксиз ўзаро боғланишини таъминлашни унинг устувор вазифаси сифатида кўрамиз», — деди президент.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақамиз хавфсизлиги ва тараққиёти учун фундаментал аҳамиятга эга. Барчага яратувчан минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак.
«Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди. Ишончим комилки, бугун ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, шунингдек, Универсал марказ ва Антинаркотик марказ тўғрисидаги низомларнинг қабул қилиниши Ташкилотимизнинг институционал ривожланишида янги босқични бошлаб беради», — деди у.
Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ваъда қилинди.
Халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028−2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш вазифасини қабул қилиб олгани муносабати билан Шаҳбоз Шарифни табриклади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.