Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида

Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида


Gazeta: Агар Ўзбекистон тарихидаги бирор воқеа ёки даврни мамлакатингиз тарихи билан қиёслаш керак бўлса, нимани танлаган бўлардингиз? Бу сиёсий воқеа бўлиши шарт эмас, маданият ёки иқтисодиёт соҳасидан бўлиши ҳам мумкин.


Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар:

Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Бугун Марказий Осиёда кечаётган сиёсий жараёнларга ҳар гал назар ташлаганимда, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Европада юз берган воқеалар ёдимга тушади. Президент Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни фаол илгари сурмоқда ва айнан шундай жараённи биз Европада — ҳам умумий миқёсда, ҳам ЕИнинг алоҳида мамлакатлари ва минтақалари ўртасида кузатганмиз ва кузатишда давом этяпмиз.

Бу ўз-ўзидан ЕИ ва Ўзбекистонни, ЕИ ва Марказий Осиёни дўст ва ҳамкорларга айлантиради ҳамда Ўзбекистон бу борада марказий ўрин тутади.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт:

Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Агар Ўзбекистон ва Бирлашган Қироллик ўртасида параллел келтириш керак бўлса, мен таълим, билим ва инновацияларнинг инқилобий кучига бўлган умумий эътиқодимизни қайд этган бўлардим. Ҳар икки мамлакат бой интеллектуал анъаналарга, илм-маърифатга чуқур ҳурмат билан қарайди, азалдан фан, тадқиқотлар ва кашфиётлар йўлидаги интилишларига содиқ.

Ўзбекистон тарихи унинг Буюк ипак йўлидаги билим, савдо ва маданий алмашинув маркази сифатидаги ўрни билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу минтақада вужудга келган ғоялар, кашфиётлар ва алоқалар нафақат Марказий Осиёни, балки бутун дунёни шакллантирган. Бирлашган Қиролликда ҳам таълим, фан ва инновациялар — энг қадимий университетларимиздан тортиб, тадқиқотлар, технологиялар ва жаҳон таълимига қўшган ҳиссамизгача — мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнаган.

Бугунги кунда бу умумий содиқлик Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг энг мустаҳкам пойдеворларидан биридир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли таълим ислоҳотлари дастури таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, унинг сифатини ошириш ҳамда ёшлар учун янги истиқболларни очиш борасида салмоқли ютуқларга эришиш имконини берди. Шунингдек, у таълим, касбий кўникмалар ва инновациялар соҳасида Британия-Ўзбекистон ҳамкорлиги учун янада кенг имкониятлар яратди.

Бугун Ўзбекистон бўйлаб 8,9 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиси Cambridge University Press нашриётининг дарсликлари асосида таълим олмоқда. Трансмиллий таълим соҳасидаги 20 га яқин Британия-Ўзбекистон ҳамкорлик дастури [ўзбек талабалари учун] жаҳон даражасидаги олий таълимни шу ерда, ўз ватанида олиш имконини яратмоқда. Бу ўқув йилида «Эл-юрт умиди» жамғармасининг 104 нафар стипендиати, яъни унинг халқаро миқёсдаги умумий қабулининг деярли ярми, билим олиш, янги кўникмаларни эгаллаш ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш учун Бирлашган Қиролликка йўл олади.

Шунингдек, Британия Кенгаши бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳамкорлар билан бирга инглиз тилини ўқитишни ривожлантириш ва ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш устида ишламоқда. Жорий йилда Британия Кенгаши Ўзбекистондаги фаолиятининг 30 йиллигини нишонлаяпти. Бу сана мамлакатларимиз таълим соҳасида қай даражада кўп йиллик ва чуқур ҳамкорлик алоқаларига эга эканини ҳамда уч ўн йиллик давомида қанчадан-қанча инсонлар ва ташкилотлар уни йўлга қўйишга ўз ҳиссасини қўшганини ёдимизга солади.

Буларнинг барчаси ёшларга Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш ва трансформациялаш учун зарур кўникма, билим ва халқаро дунёқарашни шакллантиришга ёрдам беради. Назаримда, инсонларга ва инсон капиталига киритилаётган бу каби сармоялар ҳамкорлигимиз нималарга қодир эканининг энг ёрқин намуналаридан биридир. Бу саъй-ҳаракатларда нафақат бугун мамлакатларимизни боғлаб турган ришталар, балки биз биргаликда барпо этаётган келажак ҳам ўз аксини топган.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттиас Фоллерт:

Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
1989 йил 9 ноябрда Берлин девори қулади. Ғарбий ва Шарқий Германия аҳолиси бир-бирини бағрига босиб, эришилган озодликни нишонлади. Орадан бир йил ўтиб, ГДРдаги тинч инқилоб муваффақияти туфайли Германиянинг ҳар икки қисми ягона давлатга бирлашди. Берлин деворининг қулаши рамзий маънода «совуқ уруш»нинг тугагани ва ўтган асрдаги сиёсий ютуқлар даври бошланганини англатарди. Кўплаб халқлар қайта озодликка эришди.

Айни шу тарихий жараёнлар фонида 1991 йил 31 августда Ўзбекистон ҳам ўз давлат мустақиллигини эълон қилди. Германия Федератив Республикаси ушбу шонли воқеанинг 35 йиллиги билан Ўзбекистон ва ўзбек халқини чин дилдан қутлайди.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Уалид Фук:

Ўзбекистон ва унинг Европадаги ҳамкорларини энг мустаҳкам боғлаб турган нарса нима? Шу ва бошқа саволлар — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Фикримча, Франция ва Ўзбекистонни бурилиш даврлари — яъни Уйғониш даври ва жадидчилик бирлаштириб туради. Бу даврларда аёллар ва эркаклар ақл-заковат ва илм-фаннинг жамиятдаги марказий ўрни учун курашганлар.

Бугунги кунда ҳам, худди ўтмишдагидек, ҳукуматларимиз ўртасидаги мулоқотнинг мустаҳкамланиши ҳамда иқтисодиёт, таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлигимиз ўша даврларга хос бўлган илмга интилишнинг давоми бўлиб, жамиятларимиз равнақи йўлида билимларимизни баҳам кўришга бўлган ўзгармас интилишимиздан далолат беради.

Gazeta: Бугунги кунда мамлакатингизни Ўзбекистон билан энг мустаҳкам боғлаб турадиган нарса нима?


Тойво Клаар:

ЕИ ва Ўзбекистонни глобал ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик, шунингдек, иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлашга бўлган умумий манфаатдорлик бирлаштириб туради. Бироқ яна бир муҳим — ва мени ҳайратга соладиган — жиҳат - ҳар икки йўналишда ҳам доимий равишда ортиб бораётган одамлар оқимидир. Ўзбекистоннинг сайёҳлик масканларида кўплаб Европа тилларидаги мулоқот доимий равишда қулоққа чалинади. Биз кун сайин бир-биримизга яқинлашиб боряпмиз.

Тимоти Смарт:

Одамлар. Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар ўртасидаги алоқалар билан белгиланади: Бирлашган Қиролликда таҳсил олаётган талабалар, бир-бирига сармоя киритаётган Британия ва Ўзбекистон компаниялари, университетларнинг ҳамкорликдаги фаолияти, маданий алмашинувлар, туризм ва жамиятларимиз ўртасида ҳар куни кечадиган минглаб суҳбатлар бунга мисолдир.

Таълим бу алоқанинг энг ёрқин кўринишларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган ҳар бир талаба, ўқитувчи, тадқиқотчи ва битирувчи улкан ҳамкорлик тарихининг бир қисмига айланади. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ёшлар учун янги имкониятлар яратмоқда ва Буюк Британия таълим, инглиз тили, кўникмаларни ривожлантириш ва институтлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали бу интилишларни қўллаб-қувватлаётгани билан фахрланади.

Ҳукуматлар имкониятлар яратиши мумкин, бироқ одамларгина бу ҳамкорликка чинакам теранлик, самимият ва мустаҳкамлик бахш этади. Айнан фуқароларимиз, институтларимиз ва жамоаларимиз ўртасидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқалар Буюк Британия ва Ўзбекистон муносабатларини бугунги кунда динамик, келажакда эса янада истиқболли қилади.

Маттиас Фоллерт:

Иқтисодий ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этиб, савдо айланмаси ўсиб бормоқда. Германия компаниялари Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган бозорида, хусусан, машинасозлик ва автомобиль саноати соҳаларида фаол иш олиб боряпти.

Ўзбекистон аҳолиси нисбатан ёш ва сон жиҳатдан ортиб бормоқда. Германия ва Ўзбекистон касбий таълим соҳасида ҳамкорлик қиляпти, кўплаб ўзбекистонликлар немис тилини ўрганяпти. Икки мамлакат ўртасида тузилган миграция тўғрисидаги келишув ўзбекистонликларга Германияда малакали мутахассис сифатида ишлаш имконини беради. Шунингдек, талабалар алмашинуви ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб, бу икки мамлакат жамиятларининг яқинлашувига хизмат қилмоқда.

Германия Ўзбекистонни улкан миллий ислоҳотлар дастурини амалга оширишда, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган интилишларида ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритишида қўллаб-қувватлайди. Биз учун умумий манфаатларимиз ва қадриятларимиз борасида кўплаб муштарак жиҳатлар мавжуд.

Уалид Фук:

Ишончим комилки, тараққиётга бўлган эътиқод мамлакатларимизни ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ боғлаб турибди. Барча суҳбатдошларимга етказадиган мурожаатимни сиз билан ҳам ўртоқлашишга ижозат берсангиз: «Сиз тараққиёт, эркинлик ва суверенитетга содиқ мамлакат — Францияга ҳамиша ишонишингиз мумкин». Мен ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан тиббиётдан тортиб таълимгача бўлган соҳаларда биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларимиз билан фахрланаман.

Июль ойида Франция Миллий жарроҳлик академияси ва Ўзбекистон Республика онкология ва радиология маркази ташаббуси билан йўлга қўйилган ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан молиялаштирилган дастур доирасида Францияда кўкрак бези онкологияси бўйича малака оширган беш нафар жарроҳга диплом топширдим. Ўзбекистонда онкологик ёрдам сифатини оширишга имкон берадиган ушбу малака оширув курси Франция ва Ўзбекистоннинг илм-фан ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорлиги туфайли эришилган кўплаб ютуқлардан биридир.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига саёҳат қилар эканман, мамлакатингиз ўз тараққиётининг пойдевори бўлган маданий мерос ва тил меросини асрашга устувор аҳамият қаратган ҳолда ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Бу гал сизни жорий йилнинг октябрь ойида Бухорода бўлиб ўтадиган француз маданияти ойлиги доирасида биз билан саёҳатга чиқишга таклиф этиш навбати менга келди. 2020 йилдан буён Франция университетларига ўқишга киришга қарор қилган талабалар сони қарийб 20 фоизга ошди.

Gazeta: Сизнингча, яқин келажакда мамлакатингиз ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ифодалайдиган учта сўз ёки иборани айтсангиз.


Тойво Клаар:

Дўстлик. Ҳамкорлик. Фаровонлик.

Тимоти Смарт:

Имкониятлар йўлидаги таълим. Фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик. Узоқ йиллик дўстлик.

Бу уч ибора, назаримда, муносабатларимиз қайси йўналишда ривожланаётганини акс эттиради: янги имкониятлар эшигини очувчи амалий ҳамкорлик, барқарор иқтисодий ўсишга умумий содиқлик ва халқларимиз ўртасидаги келгуси йилларда янада мустаҳкамланиб борадиган дўстлик.

Маттиас Фоллерт:

Тинчлик ва барқарорлик йўлида яқиндан ҳамкорлик. Муттасил ўсиб бораётган иқтисодий алмашинув. Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, табиатни асраш ва иқлимни ҳимоя қилиш.

Уалид Фук:

Амбициялар. Муваффақият. Ҳамжиҳатлик.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.