Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида

Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида


Gazeta: Агар Ўзбекистон тарихидаги бирор воқеа ёки даврни мамлакатингиз тарихи билан қиёслаш керак бўлса, нимани танлаган бўлардингиз? Бу сиёсий воқеа бўлиши шарт эмас, маданият ёки иқтисодиёт соҳасидан бўлиши ҳам мумкин.


Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь:

Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Бугунги кунда Коммунистик партия раҳнамолигида Хитой ўз модернизацияси орқали хитой миллатининг буюк юксалишига эришмоқда. Бу жараён бешта асосий хусусият билан тавсифланади: аҳолининг улкан миқёси, бутун халқ учун умумий фаровонликка эришиш, моддий ва маънавий цивилизацияларнинг мутаносибликда ривожланиши, инсон ва табиатнинг уйғунликда ҳаёт кечириши ҳамда тинч тараққиёт йўлидан бориш. Бу жараёнда Хитой бутун дунё эътиборини тортадиган ютуқларни қўлга киритди.

Айни пайтда Ўзбекистон «Янги Ўзбекистон» қурилишини жадал суръатлар билан илгари сурмоқда, бу борада «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига бош режа сифатида таяниб, иқтисодий ривожланиш, ҳуқуқий ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва очиқликни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширяпти. Ўзбекистон жадал иқтисодий ўсишни таъминлаб, Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган мамлакатлардан бирига айлангани ҳолда, аҳоли турмуш даражасини изчил яхшилаб бормоқда ва ўз халқаро нуфузини мустаҳкамламоқда.

Хитой ва Ўзбекистон тараққиёт ҳамда миллий тикланишнинг ҳал қилувчи босқичида турибди ва модернизация йўлида ҳамфикрдир. Жорий йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди. Ўзбек мақолида айтилганидек: «Яхши билан юрсанг, етарсан муродга». Хитой томони ўзбек томони билан биргаликда икки мамлакатнинг ривожланиш стратегиялари уйғунлигини чуқурлаштиришга, савдо ва инвестициялар, ўзаро боғлиқлик, рақамли технологиялар, таълим ва гуманитар алмашинувлар каби соҳаларда ҳамкорлик доирасини доимий кенгайтириб, ўзаро манфаатдорлик асосида миллий тараққиётни модернизация қилишга эришишга тайёр.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов:

Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Қардошлик ва дўстлик ришталаримизнинг мустаҳкамлигини XX аср тарихи яққол тасдиқлайди: биз, айтишади-ку, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам, мусибатда ҳам бирга бўлганмиз.

Улуғ Ватан уруши йилларида қаҳрамонларимиз фронтда елкама-елка туриб жанг қилдилар, фронт орти эса ўзаро кўмак, меҳр-шафқат ва инсоний ҳамжиҳатлик масканига айланди. Ўзбекистонга кўплаб корхоналар, маданият ва илм-фан муассасалари, минглаб одамлар, жумладан, болалар эвакуация қилинди, бу замин кимлар учундир иккинчи Ватанга айланди.

Ҳеч бир даврда узилиб қолмаган жонли маданий ва инсоний мулоқот, шубҳасиз, умумий тарихимизнинг энг мустаҳкам меросидир. Рус ва ўзбек адабиёти, мусиқаси, театри, кинематографияси, таълими ва фани ўн йиллар давомида бир-бирини бойитиб, ўзига хос ўзаро таъсир муҳитини яратди.

Айнан шунинг учун ҳам Россия ва Ўзбекистоннинг замонавий муносабатлари нафақат сиёсий ва иқтисодий манфаатларга, балки чуқур тарихий пойдеворга — биргаликда босиб ўтилган йўл хотирасига, мустаҳкам гуманитар алоқаларга, кўп жиҳатдан умумий қадриятлар ва қарашларга таянади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник:

Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Мен XIX аср охири — XX аср бошлари — «Америка асрининг юксалиши»га тўғри келган даврдан параллел келтирган бўлардим. Бу даврда АҚШ изоляционизмдан воз кечиб, дунёнинг қолган қисми билан фаолроқ ҳамкорлик қила бошлади. Мамлакатимиз Ғарбий яримшардаги қўшнилари билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга, бутун дунё бўйлаб савдо муносабатларини ривожлантиришга ҳамда қашшоқликни қисқартириш ва иқтисодий имкониятлар яратиш учун монополияларни тугатиш каби ички иқтисодий ислоҳотларни илгари суришга киришди.

Менинг назаримда, ўша давр билан президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон»ни тинчлик ва фаровонлик сари етаклашга қаратилган бугунги сиёсати ўртасида кўплаб ўхшашликлар бор.

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён:

Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ ва Жанубий Корея билан қандай умумий жиҳатларга эга ва уларнинг муносабатлари қандай ривожланади — Gazetaʼнинг хорижлик элчилар учун блиц-сўровида
Чосон давлати қироли Буюк Сечжон ва Темурийлар салтанати ҳукмдори Улуғбек XV асрда деярли бир даврда ҳукмронлик қилган. Уларни муҳим бир ўхшашлик бирлаштириб туради: ҳар бирининг ҳукмронлиги даврида иккала мамлакат ҳам маданий ва илм-фан юксалишининг олтин асрини бошдан кечирган.

Ҳар икки ҳукмдор ҳам билим, илм-фан ва технологияларни ўз давлатлари тараққиётининг зарурий асоси деб билган. Қирол Сечжон илмий изланишларни рағбатлантириб, астрономия ва бошқа фанлар ривожини фаол қўллаб-қувватлаган ҳамда корейс халқининг ўз ёзуви — ҳангилни яратган. Тахминан ўша вақтларда Улуғбек мадраса ва расадхонага асос солиб, астрономия ва математикада улкан ютуқларга эришган ва шу тариқа Темурийлар салтанатининг интеллектуал ва маданий юксалишига ҳисса қўшган.

Эътиборлиси, қирол Сечжон ҳукмронлиги даврида тузилган «Чхильчонсан Вэпхён» тақвим рисоласи ислом оламида, жумладан, Темурийлар салтанатида ишлаб чиқилган астрономик ва тақвим тизимлари таъсирида яратилгани маълум. Бу Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга эканидан далолат беради.

Gazeta: Бугунги кунда мамлакатингизни Ўзбекистон билан энг мустаҳкам боғлаб турадиган нарса нима?


Юй Цзюнь:

Хитой ва Ўзбекистонни ўзаро боғлаб турувчи омиллар кўп. Давлат бошқарувига ёндашувлардаги муштараклик бунинг энг ёрқин мисолларидан биридир.

Ҳар икки давлат ўз миллий шароитларига мос мустақил тараққиёт йўлидан бормоқда ва томонларнинг туб манфаатларига дахлдор масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатларимиз ривожланишда инсонга йўналтирилган ёндашувга амал қилиб, аҳоли фаровонлигини ошириш ва фуқаролар мамнунлигини ислоҳотларнинг энг муҳим мезони деб билади. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга фаол кўмаклашиб, миллий тараққиёт натижалари аҳолига амалий фойда келтиришини таъминлашга интилади.

Масалан, Хитой ўз миллий шароитларидан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартириш бўйича ўз тажрибаси ва ечимларини шакллантирган ҳолда, саккиз йил ичида, яъни 2020 йилда мутлақ қашшоқликка барҳам берди. Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш дастурларини амалга оширишда Хитой тажрибасидан фаол фойдаланмоқда ва 2025 йилда мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача пасайди.

Икки мамлакатнинг глобал масалалар бўйича позициялари ва қарашлари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади. Президент Шавкат Мирзиёев муҳим халқаро майдонларда ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан таклиф этилган тўртта глобал ташаббус — Глобал тараққиёт ташаббуси, Глобал хавфсизлик ташаббуси, Глобал цивилизация ташаббуси ва Глобал бошқарув ташаббуси билан муштарак мақсадларга эга бўлган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни белгилаб берувчи муҳим ҳужжатларда ўз аксини топган инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамияти концепциясини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Ишончим комилки, Хитой ва Ўзбекистоннинг давлат бошқарувига ёндашувлари бир-бирига чуқур мос келиши икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун янада кенгроқ истиқболларни очади, барча соҳалардаги амалий ҳамкорлик учун ўзаро ишончнинг янада мустаҳкам пойдеворини яратади. Хитой томони Ўзбекистон билан биргаликда умумий концептуал йўналишларни аниқ ҳаракатларга айлантиришга, Хитой-Ўзбекистон ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этишни изчил чуқурлаштириш ва амалий мазмун билан бойитишга, ҳамкорлик самаралари икки мамлакат халқларига янада кўпроқ фойда келтиришини таъминлашга ҳамда уларнинг тараққиёти ва юксалишига барқарор туртки беришга тайёр.

Алексей Ерхов:

Бугун Россия-Ўзбекистон муносабатлари ҳар куни амалий мазмун билан бойиб бораётган кенг қамровли стратегик шерикликдир. 2025 йил якунларига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 млрд доллардан ошган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 30 млрд долларга етказишни режалаштиряпмиз.

Таъкидлаш жоизки, бу рақамлар замирида реал ишлаб чиқариш ва инвестициялар ётибди: Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 3200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели эса 44 млрд долларга яқинлашмоқда.

Энг йирик мисоллардан бири — «Росатом» давлат корпорацияси томонидан Жиззах вилоятида атом электр станциясининг қурилаётганидир: 2026 йил июнь ойида мамлакатларимиз раҳбарлари унинг биринчи энергоблоги пойдеворига «илк бетон» қуйиш ишларига старт бердилар.

Энергетика ва кимё саноатидан тортиб, фармацевтика, логистика ва машинасозликкача бўлган соҳаларда саноат кооперацияси ривожланмоқда; бунда «Чирчиқ» ва «Жиззах» саноат парклари муҳим ўрин тутмоқда. Шу билан бирга, транспорт алоқалари мустаҳкамланиб, авиақатновлар кенгаймоқда, савдо йўллари ва логистика лойиҳалари ривожлантирилмоқда. Ҳудудлараро мулоқот ҳам жадал тус олган.

Бироқ бугунги ҳамкорлик фақат иқтисодиёт билангина чекланиб қолмайди: унинг замирида таълим, илм-фан, маданият ва юқорида айтиб ўтилганидек, инсоний ришталар ҳам мужассам. Республикада халқаро муносабатлардан тортиб тиббиётгача бўлган турли соҳаларда юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган Россия олий ўқув юртларининг 15 та филиали фаолият юритяпти. Ҳар йили юзлаб ўзбекистонлик ёшлар Россия Федерацияси ҳукумати ажратган квота доирасида Россия ҳудудига олий маълумот олиш учун келади. Мунтазам равишда қўшма маданий лойиҳалар ўтказилади, атоқли санъат намояндалари гастроль сафарлари билан ташриф буюради.

Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон — стратегик шериклар, ўзаро ишонч ва умумий манфаатларнинг салмоқли захирасига эга давлатлардир. Олдимизда ушбу салоҳиятни янги қўшма лойиҳалар, иш ўринлари, технологиялар ва халқларимиз тараққиёти учун янги имкониятларга айлантириш вазифаси турибди.

Жонатан Хеник:

Бугун бизни энг мустаҳкам боғлаб турган нарса бу — ишонч, шунингдек, ҳукуматлараро алоқалар билан чекланиб қолмаган, чинакам очиқ муносабатлардир. Ўн йил аввал Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз доираси тор бўлиб, асосан минтақавий хавфсизликка қаратилган эди. Бугунги кунда у деярли барча соҳаларни: хавфсизлик, савдо-сотиқ, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва технологияларни қамраб олган.

Президент Трамп ва президент Мирзиёевнинг 2025 йил ноябрь ойидаги учрашувидан сўнг мамлакатларимиз миллиардлаб долларлик янги ҳамкорлик лойиҳаларини эълон қилди. Булар қаторига Ўзбекистон томонидан 22 та Boeing Dreamliner самолётининг харид қилиниши, стратегик муҳим минераллар ва ноёб металлар соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар савдосини кенгайтириш киради.

Бироқ мени энг ҳайратга солаётган нарса — бу очиқликнинг оддий одамларгача етиб бораётганидир. Ўзбекистоннинг АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий қилгани оила аъзолари ёки дўстларини кўришни истаган ёхуд шунчаки ушбу минтақага қизиққан АҚШ фуқароси энди Ўзбекистон меҳмондўстлиги ва тарихи билан шахсан танишиш учун виза расмийлаштириши шарт эмаслигини англатади.

Буни ўз оилам мисолида кўрдим. Бу ерга келган фарзандларим ва дўстларим ҳам Самарқанд, Бухоро ва Тошкент сингари шаҳарларни худди мендек севиб қолишди. Бу — инсонлараро муносабатларга йўналтирилган дипломатиядир. Айнан шу нарса бугун бизни ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ боғлаб турибди.

Вон До Ён:

Бугунги кунда одамлар ўртасидаги алмашинувлар Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги энг мустаҳкам ришталардан биридир. Ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюрган кореялик сайёҳлар сони 46,3 минг нафарга етди ва бу кўрсаткич COVID — 19 пандемиясидан бери муттасил ўсиб бормоқда.

Бундан ташқари, ўтган йилги маълумотларга кўра, Корея Республикасида 15 786 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олган, бу эса мамлакатдаги хорижий талабалар умумий сонининг учдан бир қисмини ташкил этади. Бундай фаол алмашинувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва ишончни чуқурлаштиришга ёрдам беради ҳамда икки томонлама муносабатларнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади.

Gazeta: Сизнингча, яқин келажакда мамлакатингиз ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ифодалайдиган учта сўз ёки иборани айтсангиз.


Юй Цзюнь:

Стратегик ўзаро ишонч. Ўзаро манфаат. Халқлар ўртасидаги ўзаро англашув.

Булар Хитой-Ўзбекистон муносабатларини чуқурлаштиришнинг учта энг муҳим асосидир. Стратегик ўзаро ишонч икки томонлама муносабатлар учун мустаҳкам сиёсий замин яратади, ўзаро манфаат амалий ҳамкорликка барқарор суръат бағишлайди, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув эса икки давлат ўртасидаги дўстона алмашинувлар учун мустаҳкам ижтимоий пойдевор қўяди.

Улар биргаликда янги даврда Хитой-Ўзбекистоннинг ҳар қандай шароитга тайёр кенг қамровли стратегик шериклигининг барқарор ва узоқ муддатли ривожланишини таъминлайди.

Алексей Ерхов:

Биродарлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат. Бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш. Халқларимиз фаровонлиги йўлида натижадорликка интилиш.

Жонатан Хеник:

Очиқлик. Шериклик. Одамлар ўртасидаги алоқалар.

Вон До Ён:

Биргаликдаги йўл. Ишонч. Шериклик.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.