Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича «мутлақо янги тизими» жорий этилади

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича «мутлақо янги тизими» жорий этилади

Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш юзасидан ўтказилган видеоселекторда камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини маълум қилди.

Туманлар ихтиёрига жами 3,2 трлн сўмлик ресурслар йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бутун иқтисодий комплекс билан ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади.

Янги ёндашув иқтисодий комплекснинг барча раҳбарлари Хоразмда икки ҳафта давомида камбағаллик билан ишлаш тизимини ўзгартириш бўйича ўтказган таҳлилдан сўнг ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича «мутлақо янги тизими» жорий этилади
Президент Хоразм мисолидаги таҳлиллар барча вилоятларга тааллуқли эканини қайд этиб, камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини белгилади.

Мазкур тизимга мувофиқ, «маҳалла еттилиги» учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтади. Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилади. Банклар ва бандликка кўмаклашиш идоралари ушбу штабларга жойлардаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.

Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши белгиланди.

Туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ва тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади.

Шунингдек, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади.

Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1,37 трлн сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 млрд сўм ресурс мавжуд. Туман штабларига маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб, молиялаштириш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти берилади.

Камбағаллик жамғармасидаги 240 млрд сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 млрд сўм ва учта «дафтар»даги 760 млрд сўм маблағ туман штаблари ихтиёрига берилади.

Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар назарда тутилган 300 миллиард сўмлик қолдиғи ҳам штаблар орқали ажратилади.

Шу тариқа туманлар ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ресурс йўналтирилиб, маблағларнинг аниқ натижа беришига алоҳида эътибор қаратилади.

Энди туман штаби субсидия ёки фоизсиз ссуда бериш масаласини ҳам мустақил ҳал қилади.

Тадбиркорларга кредит беришда ҳам ўзгаришлар кўзда тутилмоқда. Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 млн сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича «мутлақо янги тизими» жорий этилади
Президент йиғилишда маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳалар билан ишлаш кўникмаларини танқидий баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарияти кимга кредит кераклиги, қайси лойиҳани лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ ёки шартнома асосида молиялаштириш мумкинлигини тушунмайди.

Банкирлар ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳа тайёрлашдан олдин ҳамон «Гарови борми?» деган саволни қўяётгани ҳам танқид қилинди.

Президент тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, кредитни қайтариш графиклари эса бизнес турига мослаштирилмаганини кўрсатиб ўтди. Кредитларни қайтариш муддатларини деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мослаштириш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.