Миграция агентлигига Мухсинхўжа Абдураҳмонов раҳбар бўлди

Миграция агентлигига Мухсинхўжа Абдураҳмонов раҳбар бўлди

Беҳзод Анварович Мусаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилди. Бу ҳақдаги қарорни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов. Ҳужжатда Беҳзод Мусаевнинг бошқа ишга ўтиши қайд этилган.

Президент агентликнинг янги раҳбари этиб Мухсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмоновни тайинлади. У 2021 йил июль ойидан буён Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

У 52 ёшда. Мухсинхўжа Абдураҳмонов Тошкент иқтисодиёт университетини тамомлаган (1996), Чико шаҳридаги Калифорния давлат университетида (АҚШ) стажировка ўтаган (1994−1995), Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси курсларида таҳсил олган (1996−1998)

1998−2001 йилларда Отару коммерция университетида (Япония) магистратурада, 2001−2004 йилларда Хоккайдо университетида (Япония) докторантурада таҳсил олган. 2006−2008 йилларда эса шу университетда илмий тадқиқотчи бўлиб ишлаган

2004−2006 йилларда Coca-Cola Uzbekistan LLC компаниясида менежер, 2008−2017 йилларда MTRUST (Япония) компанияси бош директори лавозимида фаолият юритган

2018−2021 йилларда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи бўлган. Кейин қисқа муддат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг инвестициялар бўйича бошқармасига раҳбарлик қилган

Беҳзод Мусаев (1973 йилда туғилган) 2024 йил сентябрь ойида Миграция агентлигига раҳбар этиб тайинланган эди. Бунга қадар у камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бўлиб ишлаган

Шунингдек, Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири, ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича бош вазир ўринбосари, Ҳисоб палатаси ва Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.