Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Тошкентдаги глобал кинология форуми ҳақида фикр билдирди

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Тошкентдаги глобал кинология форуми ҳақида фикр билдирди

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сондерс Тошкентда ўтказилган VII Глобал кинология форумидаги иштирокидан сўнг таассуротларини LinkedIn саҳифасида баён қилди.

Форумда 50 та давлатдан вакиллар, шунингдек, хизмат итларидан божхона ва хавфсизлик органлари фаолиятида фойдаланиш бўйича мутахассислар иштирок этди.

Тадбир «Божхона ҳушёрлик ва садоқат орқали жамиятни ҳимоя қилади» мавзусига бағишланди. Унда кинология хизматларининг самарадорлигини ошириш, янги ёндашув ва усулларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ноқонуний валюта ва бошқа контрабанда ҳолатларини аниқлашда хизмат итларидан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ян Сондерс Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон Божхона қўмитасида амалга оширилаётган модернизация жараёнлари билан ҳам танишган. У божхона жараёнларини рақамлаштириш ва соддалаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда ходимларни ушбу жараёнларга жалб қилиш ишларини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, мазкур ислоҳотлар давлат даромадларини шакллантириш, ташқи савдони енгиллаштириш ва жамият хавфсизлигини таъминлашда божхона органлари имкониятларини кенгайтирмоқда.

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганини ҳам маълум қилди. У давлат раҳбарининг божхона соҳасини қўллаб-қувватлаши модернизация жараёнларига муҳим туртки бераётганини таъкидлади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Божхона қўмитасининг собиқ раислари билан ҳам учрашув ўтказилди. Учрашувда уларнинг кўп йиллик тажрибаси ва давлат хизматидаги фаолиятига юқори баҳо берилди.

Ян Сондерс Ўзбекистон Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда қўмита жамоасининг форумни ташкил этишдаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг божхона соҳасида тўплаётган тажрибаси Жаҳон божхона ташкилоти ва унга аъзо давлатлар учун муҳим амалий тажриба манбаи бўлиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.