«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?

«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?

Сеулда 16 сентябрь куни «Марказий Осиё — Корея Республикаси» давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот формати 2007 йилдан бери мавжуд бўлса-да, президентлар даражасида илк бор ташкил этилди.

Саммит якунлари бўйича Сеул декларацияси қабул қилинди: томонлар бундай учрашувларни ҳар икки йилда бир марта ўтказишга ҳамда таъминот занжирлари, муҳим минералларни қайта ишлаш, энергетика, транспорт ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Иккинчи саммитни 2028 йилда Қозоғистонда ўтказиш режалаштирилди.

Қуйида олти етакчи томонидан билдирилган асосий таклифлар келтирилади.

Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи соҳа шерикликни узоқ муддатли режалаштиришга тааллуқли. Шавкат Мирзиёев илғор тараққиёт концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. У истиқболда мамлакатларга қандай компетенциялар, ишлаб чиқаришлар, инфратузилма ва кадрлар керак бўлишини, шунингдек, потенциал лойиҳалар портфелини олдиндан аниқлаб бериши лозим.

Иккинчи соҳа савдо ва инвестицияларни қамраб олади. Ўзбекистон ўз ҳудудида «Марказий Осиё — Корея» индустриал-технологик паркини жойлаштиришга тайёр. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни автокомпонентлар, электротехника, машинасозлик маҳсулотлари, фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтириш таклиф этилмоқда. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, мамлакатлар ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ролини қайд этди ва ҳудудий ҳокимият ҳамда бизнес вакилларини 2027 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Кореянинг Учинчи ҳудудлараро форумига таклиф қилди.

Учинчи соҳа нодир минералларга бағишланган. Президент нодир минераллар бўйича минтақавий инвестициявий альянсни шакллантириш ва минтақада қайта ишлаш кластерларини ташкил этишни таклиф қилди. Улар ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини: геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб олиши керак.

Тўртинчи соҳа «яшил» ривожланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш билан боғлиқ. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги форматини ишга туширишни таклиф қилди.

Бешинчи соҳа ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган. Президент инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли шерикликни шакллантиришни таклиф қилди.

Қозоғистон: Қасим-Жомарт Тоқаев


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев кўп томонлама ҳамкорликнинг бир нечта устувор йўналишларини ажратиб кўрсатди.

Биринчи йўналиш сифатида у савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни тилга олди ҳамда «Марказий Осиё — Корея» саноат ва технологик ривожланиш шериклигини ишга туширишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери, минтақавий кооперация ва тайёр маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилишга урғу берган ҳолда флагман қўшма лойиҳалар портфелини шакллантиришга қаратилган.

Қозоғистон президенти транспорт ва логистикани яна бир устувор соҳа сифатида қайд этди. Қозоғистон ўз ҳудуди орқали транзит ҳажмини 100 миллион тоннагача, Ўрта коридорнинг ўтказувчанлик қобилиятини эса 20 миллион тоннагача оширишни режалаштирмоқда. Қасим-Жомарт Тоқаев Ўрта коридорни Арманистон орқали ўтувчи «Трамп йўналиши» (TRIPP) билан интеграция қилиш ҳамда Кореядан Марказий Осиё орқали Европага элтувчи узлуксиз транспорт-логистика занжирини шакллантириш мумкин деб ҳисоблайди.

Энергетика соҳасида Қозоғистон Жанубий Кореяга энергия ресурсларини етказиб беришни қайта тиклашга ва корес компаниялари билан ядро технологиялари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Президент тоза водород ишлаб чиқариш ва уни қўллаш бўйича синов лойиҳаларига ўтишга чақирди, Корея бизнесини эса кўмир генерациясини модернизация қилишга таклиф этди.

Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, Корея билан биргаликда Марказий Осиё мамлакатлари учун сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган минтақавий AI Talent дастурини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Муҳим хомашёлар соҳасида президент қозоқ-корейс қўшма корхонасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. У тўлиқ ишлаб чиқариш циклини — тадқиқотлар ва хомашё қазиб олишдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар чиқаришгача бўлган босқичларни йўлга қўйишга ёрдам бериши лозим.

Давлат раҳбари сувни тежаш ва сувни рақамли ҳисобга олиш бўйича Корея технологияларини жалб қилишга қаратилган қўшма дастурни ишга тушириш тарафдори эканини билдирди. Ёшлар ўртасидаги алоқаларни, таълим ва маданий алмашинувларни кенгайтириш учун эса у Central Asia — Korea Future Generation дастурини йўлга қўйишга чақирди.

Қирғизистон: Садир Жапаров


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров жорий босқичдаги асосий вазифа сифатида юқори сиёсий ишончни узоқ муддатли иқтисодий ва технологик шерикликка айлантиришни кўрсатди.

У «Марказий Осиё — Корея Республикаси» форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувларининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтиришни ҳамда ушбу механизмга келишувлар ижросини сиёсий жиҳатдан кузатиб бориш ва мониторинг қилиш ваколатларини беришни таклиф қилди.

Иқтисодий соҳада Садир Жапаров саноат вазирларининг амалдаги маслаҳат механизми доирасида Инвестициялар бўйича давлат муассасалари кенгашини тузиш, муҳим лойиҳаларнинг ягона портфелини шакллантириш ҳамда қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Иқлим кун тартиби доирасида Бишкек тоғли ҳудудларнинг иқлим барқарорлиги бўйича шериклик тузиш ташаббусини илгари сурди ва иштирокчиларни 2027 йилда бўлиб ўтадиган «Бишкек+25» Глобал тоғ саммитига таклиф этди.

Президент таълим дастурлари, академик алмашинувлар ва қўшма тадқиқотларни кенгайтириш ҳисобига инсон капиталини ривожлантиришни ҳамкорликнинг асосий йўналишига айлантиришга чақирди.

Тожикистон: Эмомали Раҳмон


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиё ва Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва барқарор таъминот занжирларини шакллантириш тарафдори эканини сўзлади. Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши, чучук сув тақчиллиги ва музликларнинг эриши давлатлардан янада яқин ҳамкорликни талаб қилмоқда.

Ўша куни ўтказилган бизнес-саммитда у ҳамкорликнинг саккизта йўналишини таклиф қилди. Улар орасида биринчи ўринга «яшил» энергетика қўйилди: мамлакатнинг гидроэнергетика салоҳияти йилига тахминан 530 миллиард кВт/соат деб баҳоланмоқда, шундан атиги 6 фоизи ўзлаштирилган. Иккинчи устувор йўналиш — стратегик хомашёларни қазиб олиш ва қайта ишлаш: Тожикистонда 10 турдаги нодир минераллар ва ноёб ер металлари, шунингдек, литий, ниобий ва тантал конлари мавжуд.

Эмомали Раҳмон, шунингдек, агросаноат мажмуаси, тўқимачилик, туризм, банк-молия ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни таклиф этди. Тожикистон, хусусан, қайта ишлаш корхоналари, экспорт логистика марказлари, тўлиқ циклли тўқимачилик мажмуалари ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун микромолиялаштиришни йўлга қўйишдан манфаатдор.

Туркманистон: Сердар Бердимуҳамедов


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов биргаликдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари сифатида шаҳарсозликни ривожлантириш ва инфратузилмани, замонавий шаҳар муҳитини яратишни тилга олди. Ушбу контекстда у Туркманистон томонидан яқинда илгари сурилган «Ақлли шаҳарлар дипломатияси» ташаббусини мисол қилиб келтирди. Ушбу ташаббус саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тажриба ва ахборот алмашиш ҳамда илмий-техник ютуқларни биргаликда амалиётга татбиқ этишни назарда тутади.

Таълим соҳасида Туркманистон Марказий Осиё ва Корея таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини, жумладан, қўшма диплом дастурларини ривожлантиришни таклиф қилди. Мамлакат, шунингдек, ёшларнинг рақамли саводхонлигини оширишни ҳамда қўшма олимпиадалар, танловлар ва илмий конференциялар ўтказишни муҳим деб ҳисоблайди. Илм-фан соҳасида Сердар Бердимуҳамедов ёш олимларнинг қўшма илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ишларини фаоллаштиришни ҳамда Ёшларнинг инновацион ғояларини ривожлантириш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш институтини ташкил этишни илгари сурди.

Маданият соҳасида президент Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея ёшлари ўртасида маданиятлараро алмашинув бўйича «йўл харитаси»ни ҳамда «Ёш истеъдодлар» дастурини таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, ёшларни бирлаштирувчи фестиваллар, концертлар ва ижодий кўрик-танловларни бундан кейин ҳам мунтазам ўтказиб бориш зарур.

Корея Республикаси: Ли Чжэ Мён


«Марказий Осиё — Корея» биринчи саммитида давлат раҳбарлари нималарни муҳокама қилди?
Корея Республикаси президенти Ли Чжэ Мён ҳамкорликнинг бешта таянчини таклиф қилди: шериклик, тинчлик, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик, келажак соҳаларидаги ҳамкорлик ва одамлар ўртасидаги алоқалар.

Иқтисодиёт ва технологиялар тобора тез ўзгариб бораётгани сабабли, президентнинг фикрича, муносабатлар стратегик хусусият касб этиши лозим. Бунинг учун у саммитни мунтазам ўтказиб туришни таклиф қилди ва икки йилдан сўнг Қозоғистонда учрашишга умид билдирди. Ли Чжэ Мён, шунингдек, минтақанинг беш давлати ва Кореяни бирлаштирувчи C5+1 форматини ҳам параллель равишда ривожлантиришга чақирди.

Президент Марказий Осиё давлатларининг минтақавий тинчликка қўшган ҳиссасини, жумладан, 2006 йилдаги ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этди. У Сеулнинг Шимолий Корея (КХДР) ядро муаммосини ҳал қилиш, кореялараро мулоқотни қайта тиклаш ҳамда музокараларни, шу жумладан, АҚШ ва КХДР диалогини қайта бошлаш бўйича сиёсатини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашни сўради. Корея терроризм, трансмиллий жиноятчилик ва кибертаҳдидларга қарши кураш тажрибаси билан бўлишишга тайёр.

Иқтисодиётда Ли Чжэ Мён айрим алоҳида лойиҳалар ва шунчаки инфратузилма қурилишидан саноат салоҳияти ва ишлаб чиқариш занжирларини биргаликда оширишга ўтишга чақирди. У минтақа мамлакатлари устунликка эга бўлган соҳаларда — муҳим хомашёлар, энергетика ва қишлоқ хўжалигида Корея технологиялари ва кадрлар тайёрлаш тизимига таянган ҳолда маҳаллий қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, минтақа қўшилган қиймат ва янги иш ўринларига эга бўлади, Корея эса таъминотчилар ва бозорлар танловини кенгайтиради.

Янги ўсиш манбаларини яратиш учун президент сунъий интеллектни саноат ва давлат хизматларига жорий этишни ҳамда сув ресурсларини бошқариш, ўрмонларни қайта тиклаш ва энергетик ўтиш йўналишларида иқлим бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этди.

Ли Чжэ Мён 2027 йилда этник корейсларнинг (корё-сарам) Марказий Осиёга кўчириб келинганига 90 йил тўлиши арафасида ушбу жамоанинг минтақа ривожидаги ўрнини алоҳида таъкидлади. У техник мутахассисларни биргаликда тайёрлаш ҳамда талабалар, тадқиқотчилар ва тадбиркорлар алмашинувини кенгайтиришни таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.