Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича энг йирик марказлардан бирига айланади — президент

Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича энг йирик марказлардан бирига айланади — президент

Қорақалпоғистон яқин йилларда «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича энг йирик марказлардан бирига айланиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишдаги чиқишида маълум қилди.

Сўнгги йилларда республикада 860 МВт янги энергетика қувватлари фойдаланишга топширилди. Электр энергияси ишлаб чиқариш 4 бараварга ошиб, 5,33 миллиард киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик эҳтиёжидан деярли 3 баравар кўпдир.

Беруний ва Қораўзак туманларида шамол электр станциялари қурилиши шарофати билан умумий ишлаб чиқаришда «яшил» энергия улуши 23 фоизга етди, деб таъкидлади давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча бир қатор лойиҳаларни ишга туширди ва янгиларининг қурилишига старт берди. Ишга туширилганлар орасида Қораўзак туманидаги умумий қуввати 300 МВт бўлган иккита шамол станцияси ва қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими бор.

Қўнғирот туманида қуввати 1,5 ГВт бўлган йирик шамол электр станцияси қурилиши актив фазага ўтмоқда. Қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган лойиҳа Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 1500 км узунликдаги юқори кучланишли магистраль электр тармоқлари тортилади, 500 кВ кучланишли учта подстанция қурилади ва яна иккитаси модернизация қилинади.

2030 йилга бориб умумий қуввати 3300 МВт бўлган шамол электр станцияларини фойдаланишга топшириш кутилмоқда, «яшил» энергия улуши эса 76 фоизгача ошиши лозим. Бундан ташқари, 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш қурилмалари барпо этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.