Президент Қорақалпоғистонда 7,5 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди

Президент Қорақалпоғистонда 7,5 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида 18 сентябрь куни янги лойиҳаларни ишга тушириш ва уларнинг қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Нукусда ўтказилган тадбирда қиймати 592 млн доллар бўлган 11 та лойиҳа ишга туширилди ва хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 млрд долларлик 47 та лойиҳа қурилишига старт берилди. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 8 мингта иш ўрни яратилади.

Президент Қорақалпоғистонда 7,5 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди
Ишга туширилган айрим лойиҳалар:
  1. Қораўзак туманида умумий қуввати 300 МВт бўлган иккита шамол электр станцияси ва қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими фойдаланишга топширилди.
  2. Нукусда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда қурилган Шайх Халифа номидаги шифохона очилди. Қиймати 27 млн доллар бўлган муассаса 100 ўринга мўлжалланган.
  3. Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ишга туширилди. У ҳудудда тиббий хизматлар сифатини ошириш ва мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
  4. Тахиатош туманида Linkwise корхонасининг қиймати 150 млн доллар бўлган модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.
  5. Нукусда жамоат транспортини яхшилаш бўйича қиймати 20 млн долларлик Sapsan Trans Nokis корхонаси лойиҳасига старт берилди. 25 та автобус ва электробус олиб келинди, йил охиригача қўшимча равишда яна 75 та электробус келтирилади.

Президент Қорақалпоғистонда 7,5 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди
Янги лойиҳалар энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат, транспорт, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади:
  1. Қўнғирот туманида қуввати 1,5 ГВт бўлган йирик шамол электр станциясини қуриш ва уни ягона энергетика тизимига улаш ишлари фаол босқичга ўтмоқда. Қиймати 2,6 млрд долларлик лойиҳа Саудия Арабистонининг ACWA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 1500 км юқори кучланишли магистрал электр тармоқлари тортилади, кучланиши 500 кВ бўлган учта подстанция қурилади ва яна иккитаси модернизация қилинади.
  2. Чимбой туманида кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда республикада илк бор ширинмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 млн куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
  3. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А — 380 «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 92 километрлик қисмида қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа қиймати 233 млн долларни ташкил этади.
  4. Нукус жамоат транспорти учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 112 та электробус харид қилиш ва депо ташкил этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади.
  5. Қўнғирот ва Тахиатош туманларида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда умумий қиймати 2,281 млрд доллар бўлган рақамли валюта ишлаб чиқариш ҳамда сунъий интеллект учун маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
  6. Тахтакўпир туманида ҳам маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилади.
  7. Нукусда чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига старт берилди.
  8. Қораўзак туманидаги «Зенгибобо» конида қиймати 20 млн доллар бўлган олтин қазиб олиш корхонаси қурилади.
  9. Амударё туманида қиймати 15 млн доллар бўлган замонавий йирик савдо маркази ташкил этилади.
  10. Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт фанлари университети ҳамда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган шифохона ташкил этилмоқда.
  11. Туркиялик ҳамкорлар иштирокида Нукусдаги Дўстлик канали бўйида Тошкентдаги Seoul Moon мажмуаси намунасида дам олиш ҳудудларига эга кўнгилочар ва савдо маркази қурилади. Лойиҳа қиймати 103 млн долларни ташкил этади.

Президент лойиҳаларда иштирок этаётган тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, кенг жамоатчилик ва олимларни ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришга чақирди.

Президент Қорақалпоғистонда 7,5 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди
Шу ернинг ўзида Нукусда ёш оилалар учун қурилиши режалаштирилаётган «Янги Ўзбекистон» турар жой массиви тақдимоти ҳам ўтказилди. Массив учун 270 гектар майдон ажратилган бўлиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган.

Массив 30 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектларни ўз ичига олади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.