Президент Нукуснинг янгиланган кўчасини айланиб, аҳоли билан суҳбат қилди
Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни кечқурун Нукус шаҳридаги янгиланган кўчалардан бирида сайр қилди.
Президент матбуот хизмати маълум қилишича, шаҳар марказидаги Ғаресизлик, Сабир Камалов ва Гулхан Шеразиева кўчаларининг жами 2,5 километрлик қисми ободонлаштирилди.
Қиймати 2,2 млрд сўмлик лойиҳа доирасида пиёдалар учун қулай шароит яратилди. Кенг тротуарлар қурилиб, ёритиш тизими, ўриндиқ ва чиқинди қутилари ўрнатилди, ҳудуд кўкаламзорлаштирилди. Шунингдек, 1,5 километрлик дренаж тармоғи янгидан қурилди.
Хабарда қайд этилишича, ободонлаштирилган кўчаларда тадбиркорлик фаоллиги ҳам жонланган. Янги дўконлар, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчалари очилган, мавжуд тадбиркорлик объектлари эса ўз фаолиятини кенгайтирган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда президент сайр давомида тўхтаб, аҳоли билан суҳбатлашганини
кўриш мумкин. Шавкат Мирзиёев улардан янгиланган кўча ёққан-йўқмаганини сўради. Аҳоли бунга ижобий жавоб берди. Президент уларга эзгу тилаклар билдирди.
«Катта раҳмат сизга, ҳурматли президент! Сизни яхши кўрамиз!» — дея хитоб қилди аёллардан бири. «Раҳмат! Мен ҳам сизларни жуда яхши кўраман», — дея жавоб берди Шавкат Мирзиёев.
Бир гуруҳ ёшлар гитара жўрлигида Озодбек Назарбековнинг Ватанга садоқат ҳақидаги «Мендирман» қўшиғини ижро этди. Президент уларни олқишлаб, миннатдорлик билдирди.