Президент Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқишни топширди

Президент Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқишни топширди

Таълимнинг боғчадан олийгоҳгача бўлган барча босқичлари ягона вертикаль сифатида ишлаши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдимотда гапирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Янги вазирлик президентнинг 3 октябрдаги фармонига мувофиқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини бирлаштириш орқали ташкил этилмоқда. Мақсад — таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини шакллантириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ишларини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

Янги вазирлик олдига мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган босқичлар ва илмий фаолият ўртасида узвийликни таъминлаш, тизимни ягона ёндашув асосида бошқариш вазифаси қўйилган. Бунда таълим мазмунини замон ва меҳнат бозори талабларига мослаштириш, рақобатни ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда соҳанинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда янги вазирлик фаолиятини «жойлардаги ҳақиқий ҳолатга» таяниб ташкил этиш, такрорланувчи вазифаларни қисқартириш ва ҳудудий бўғинлар масъулиятини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бошқарувни рақамлаштириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш қарорларни ишончли маълумотлар асосида қабул қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Президент Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқишни топширди

Таълим даражалари бўйича вазифалар


Мактабгача таълимда болани ҳар томонлама ривожлантириш, дастур ва методикаларни янгилаш ҳамда тарбиячилар малакасини оширишга эътибор қаратилди. Шунингдек, болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлаш, таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратиш бўйича таклифлар билдирилди.

Мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини изчил ривожлантириш ҳамда уларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Педагогларга методик ёрдам кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини ўтказиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

Касбий таълим бўйича ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, техникумлар дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва уларнинг моддий базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилди. Корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълимни кенгайтириш, халқаро дастурлар ва замонавий ўқув материалларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Олий таълимда университетлар мустақиллигини кенгайтириш, бошқарув сифатини ва раҳбарларнинг натижа учун масъулиятини ошириш таклиф қилинди. Шу билан бирга, етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Илм-фан соҳасида илмий кластерларни ривожлантириш, университетлар, лабораториялар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда улар асосида янги маҳсулотлар ва корхоналар яратиш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Президент мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқишни топширди, дейилади хабарда.

Юқорида тилга олинган фармонда Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда янги вазирлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини тайёрлаш топширилган эди.

Gazeta аввалроқ давлат раҳбари ўзининг иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимовни Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари ва бир вақтнинг ўзида «Янги Ўзбекистон» университети ректори этиб тайинлагани ҳақида ёзганди.

Президент администрацияси ҳузурида инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича ишчи гуруҳ ҳам шакллантирилмоқда. Унинг таркибига тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ва халқаро экспертлар киради. Жамоатчилик асосида гуруҳга тадбиркор Зафар Ҳошимов бошчилик қилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.