Унинг таъкидлашича, агар қурилиш давлат рухсати билан амалга оширилган бўлса, тадбиркорларни автоматик равишда айблаш тўғри эмас.
«Бугун мен зўр, тўғри деб қабул қилган қарорим балки беш йилдан кейин актуаллигини йўқотиб, у нотўғри бўлиб туюлар. Мен ҳеч кимни бунақа ҳолатда айблашни хоҳламайман, айблашдан йироқман», — деди у.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, ердан у берилган мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда фойдаланиш бошқа масала.
«Мен тушунмайдиган ҳолатим, мана бу нарсани қиламан деб ерни олиб туриб, бошқа нарса қилса, у нотўғри, дейман. Лекин у давлат бизнесга деймизми, кимгадир: „Мана бу ерда мана бунга сенга рухсат бор, қур“, деб бериб қўйгандан кейин, тадбиркорнинг ҳам айби бор деб ўйламайман. Ўша пайтда шу балки тўғри ечим бўлган», — деди ҳоким.
Унинг айтишича, ноқонуний ва муаммоли ҳолатларга ерни ҳужжатларсиз бериш, инвестиция мажбуриятларини бажармаслик, шунингдек, ер участкалари давлатга қайтарилиши керак бўлгани ҳолда бу жараённинг чўзилиши каби ҳолатлар киради. «[Бундай ҳолатлар сони] 8800 та, у ошиб боряпти. Ҳозир ҳали ҳам кетяпти ревизия», — деди Умурзоқов.
2024 йилдан 2026 йил август ойи охирига қадар қарийб 800 гектар ер давлат тасарруфига қайтарилган. Қайтарилган ерлар орасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун ажратилган мактаб ҳудудлари ҳам бор. Шунингдек, айрим ҳолатларда таълим муассасаси ҳудуди аввал қисқартирилиб, ҳокимликка, кейин эса бошқа шахсларга берилган.
Шунга ўхшаш ҳолатлар боғлар, бозорлар ва автотураргоҳлар ҳудудларида ҳам аниқланган. Жумладан, ҳокимнинг сўзларига кўра, «Чорсу» бозори атрофида ноқонуний ёки бошқа асосларда эгалланган ер участкалари бўшатилиб, бозорга қайтарилган. У ерда савдо қилган тадбиркорларга жойлар берилган, шундан сўнг ердан фойдаланишдан тушган маблағлар давлатга йўналтирила бошланган.
Интервьюнинг давомида Умурзоқов болалар ва спорт майдончалари, яшил ҳудудлар ҳамда бошқа жамоат жойларини хатловдан ўтказиш натижалари ҳақида ҳам гапирди. Бундай топшириқни президент 2025 йил ёзида берган эди.
«Мана ҳозир сизга айтган ўша 800 гектар, 8800 дан ортиқ ҳолат. Ҳозир яна қўшилиб боряпти ҳолатлар. Чунки биз ҳали маҳалланинг ичига энди тўлиқ кириб боряпмиз. Ҳозир бу марказий йўлларнинг биринчи, иккинчи қатори дейлик. Ҳали маҳалланинг ичига яна кириб борамиз, у яна чиқиб келаверади, чиқиб келаверади», — деди у.
Ҳоким ялпи текширув ўтказилса, бундай ҳолатлар сони анча кўпайиши мумкинлигини айтди.
«„Массовий“ кириб борса, унинг сони билмайман, 50 минг, 100 мингга бориши мумкин. „Ноқонуний“ деганда, мана, дом олдига бундай қуриб олган бўлиши мумкин. Ёки шундай эгаллаб, гараж қилиб қўйган бўлиши мумкин», — деди у.
Шу билан бирга, ҳоким ҳокимликлар ҳамма нарсани бирин-кетин бузишни режалаштирмаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ижтимоий норозиликка олиб келиши мумкин.
Ҳокимнинг айтишича, бундай ҳолатларда ҳокимликлар жамоат ҳудудини бўшатиш билан бирга, бизнесга қонуний муқобил жой беришга ҳаракат қилмоқда. Масалан, шу маҳалланинг ўзидаги кичик бозордан жой ажратиш мумкин.
«Яъни, уни маҳалланинг ичидан ёки ўша болалар майдончаси бўладими ёки ўша умумий фойдаланишга инфратузилма яратадиган ҳудудда бўлса, олиб чиқяпмиз-да, лекин шу маҳалланинг ён-атрофида ҳужжатли қилиб беряпмиз ўзимиз. У инсоннинг ишчи ўрнини ҳам сақлаб қолишга максимал ҳаракат қиляпмиз. Шу билан бирга, ўша ерда аҳолига ҳам ўша ердан бемалол бозор қилиш имкониятини беряпмиз», — деди пойтахт маъмурияти раҳбари.
Шу каби ёндашувни устахоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталарига нисбатан ҳам қўллаш режалаштирилмоқда.
«Шунинг учун ноқонуний қурилмаларни бузаётганда, ҳали маҳалланинг ичига кириб, кескин бузиб ташламаймиз, чунки ўрнига ўрин таклиф беришимиз керак. Бузиб кетганимиздан кейин … эртага уни ремонт қилиб, инфратузилма, болалар майдончаси қурмасак, мантиқ йўқ-да», — деди Умурзоқов.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳозиргача аниқланган 8800 та ҳолатнинг аксарияти йўллар бўйидаги биринчи ва иккинчи қаторларга тўғри келади. Бўшатилган ер участкалари ҳокимликлар томонидан яшил ҳудудлар, пиёдалар йўлаклари ва бошқа жамоат инфратузилмасига айлантирилмоқда, деди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.