«Биз унинг бекор қилиниши тарафдоримиз. АҚШ Конгрессида бундай қарорни қўллаб-қувватловчи кўплаб нуфузли шахслар бор. Сенатда номзодимни тасдиқлаш бўйича эшитувлар чоғида ҳам бу ҳақда сўрашган ва мен бекор қилинишини ёқлашимни айтган эдим. Маъмурият [АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти] ҳам бунга чақирмоқда. Конгресс ҳозирча шунчаки бу масалага етиб келгани йўқ, аммо бу содир бўлишига умид қиламиз», — деди Рубио.
Жексон-Вэник тузатиши Марказий Осиёнинг бешта давлатидан тўрттасига, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан ҳамон қўлланиб келмоқда. Аввалроқ Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳабов Gazeta`га берган изоҳида АҚШнинг ҳар икки партияси маъмуриятлари ҳам уни қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлагани, бироқ якуний қарор учун Конгресснинг иккала палатаси розилиги зарурлигини таъкидлаганди.
Унинг сўзларига кўра, тузатиш савдони тўсиб қўймайди: Ўзбекистон АҚШ билан аллақачон нормал савдо муносабатлари режимидан фойдаланиб келмоқда, бироқ бу шартли характерга эга бўлиб, ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Мазкур режимни доимий асосда мустаҳкамлаш маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда савдо ва узоқ муддатли инвестициялар учун шароитларнинг олдиндан баҳоланишини ошириш имконини берган бўларди.
Жавлон Ваҳабов иккала партия қонунчилари ҳам Сенат ва Вакиллар палатасига тузатишни қўллашни тўхтатиш ва доимий нормал савдо муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қонун лойиҳаларини киритганини қайд этди. У сиёсий қўллаб-қувватлов ва қонуннинг қабул қилиниши ўртасидаги тафовутни асосий тўсиқ сифатида кўрсатди: бунинг учун қонунчиларнинг кенг коалицияси ва масаланинг Конгрессда устувор тартибда кўриб чиқилиши талаб этилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.