«Ўзбекистон барча билан алоқаларни сақлаб қолишни исташини очиқ-ойдин билдирди» — АҚШ давлат котиби

«Ўзбекистон барча билан алоқаларни сақлаб қолишни исташини очиқ-ойдин билдирди» — АҚШ давлат котиби

АҚШ Марказий Осиё давлатларидан ким билан ҳамкорлик қилиш кераклигини талаб қилмоқчи эмас. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Регистон майдонини зиёрат қилиш чоғида журналистларга маълум қилди.

Рубио «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун бир кун аввал Самарқандга етиб келганди. У билан бирга 200 дан ортиқ йирик Америка компаниялари вакиллари ҳам ташриф буюрди.

«Биз бу ерга ким биландир мулоқотни тўхтатишни ёки бошқа бирон давлат билан ҳамкорлик қилмасликни талаб қилиш учун келганимиз йўқ… Биз Америка бизнеси ва савдоси учун эшикларини очаётган дунёнинг исталган нуқтасида бўлишни, кўриниш беришни ҳамда ҳамкорликка тайёр бўлишни хоҳлаймиз. Асосий мазмун-моҳият ҳам ана шунда», — деди Рубио минтақада Хитой ўз мавқейини фаол мустаҳкамлаётган бир пайтда АҚШ Марказий Осиё давлатларига нима таклиф қила олиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
https://twitter.com/StateDept/status/2112127226804142382?s=20
У, шунингдек, АҚШ «ҳалол рақобат ва тенг имкониятлар» тарафдори эканини қўшимча қилди. «Дунёда Америка ва унинг бизнеси тенг шартларда рақобатлаша олмаслиги керак деб ҳисоблайдиган биронта ҳам ҳудуд йўқ. Биз айнан шунга интиляпмиз», — деди Рубио.

АҚШ давлат котиби барча Марказий Осиёнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг муҳимлигини аллақачон англаб етганини таъкидлади. У мамлакатнинг сўнгги ўн йил ичида иқтисодий ўсиш борасида эришган натижаларини «ҳайратланарли» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳамкорлик йўналишларини излашга интилмоқда ва буни бошқа бирон-бир давлатга қарши қаратилган қадам сифатида баҳоламайди. «Хуллас, давлатлар имкон қадар кўпроқ алоқаларни йўлга қўйишга интилади», — деди Рубио.

«Ўзбекистон барча билан дўст бўлишни хоҳлашини очиқ-ойдин билдирди. Барча билан алоқаларни сақлаб туришни истайди. Барча билан иқтисодий ришталарни ривожлантирмоқчи. Биз ҳам ўз манфаатдорлигимизни билдирмоқдамиз», — дея қайд этди давлат котиби.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.