«Болага яратилган шароит мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига мустаҳкам асос бўлади» — Шавкат Мирзиёев

«Болага яратилган шароит мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига мустаҳкам асос бўлади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» бутунжаҳон саммити очилиши муносабати билан иштирокчиларга табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари анжуманни ташкил этишда ҳамкорлик қилаётган БМТ ва унинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси ҳамда бошқа ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Болалар камбағаллиги қарийб тўрт бараварга қисқарди


Мирзиёев болалар фаровонлигини таъминлашда уларнинг бугунги эҳтиёжларини биринчи ўринга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳар бир бола меҳр, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Боланинг қадри унинг келажакдаги касби ёки даромади билан ўлчанмаслиги керак.

«Боланинг соғлом ўсиши ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилган шароит мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига ҳам мустаҳкам асос бўлади. Шу боис болаликка йўналтириладиган маблағлар давлат сиёсатида изчил ва барқарор ўрин эгаллаши зарур», — деди президент.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, мактабгача таълим имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий хизматларни оилаларга яқинлаштириш, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиши ҳамда болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотлар давом эттирилаётганини таъкидлади.

У келтирган маълумотларга кўра, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида туғруқ жараёнида оналар ўлими ва болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки бараварга қисқарган. Мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга ошган, олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб этилган. Олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 45 фоизга, яъни беш бараварга кўтарилган.

Шунингдек, оила ва болалар эҳтиёжларини эрта аниқлаш ҳамда ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий ҳимоя тизими орқали сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб тўрт бараварга қисқарган. Кейинги икки йилда инклюзив мактаблар сони беш баравар кўпайган, ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматларига жалб этилган.

Президент ислоҳотлар натижасини ҳар бир оила ҳаётида сезиш мумкин бўлиши кераклигини таъкидлаб, болага шифокорнинг ўз вақтида етиб бориши, мактабда ўқиш учун зарур шароит мавжудлиги ва зўравонликка учраган боланинг ишонч билан ёрдам сўрай олиши каби мезонларни муҳим деб атади.

Етим болаларнинг барчаси оила бағрида тарбияланмоқда


Давлат раҳбари оилани қўллаб-қувватлаш боланинг хавфсизлиги ва энг устун манфаатларини таъминлашни англатишини қайд этди. Бу ота-оналарга ўз вақтида ёрдам бериш, боланинг оиладан ажралиб қолишининг олдини олиш ва зарур ҳолларда унга хавфсиз, барқарор оилавий парвариш топишни талаб қилади.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг 100 фоизи оила бағрида тарбияланмоқда.

«Ўзимизда „Бир болага етти маҳалла ота-она“, деган ҳикмат бор. Унда болага бефарқ бўлмаслик, оилани ёлғиз қолдирмаслик маъноси мужассам. Бугун бу анъана давлатнинг аниқ кафолатлари, малакали мутахассислар хизмати ва ҳар бир боланинг шахсий дахлсизлигига ҳурмат билан мустаҳкамланиши керак», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, миллий тажрибадаги меҳр ва ҳамжиҳатликни илғор халқаро билимлар билан бойитиш, болаларга ўз тили ва маданий илдизларидан куч олиш билан бирга бошқа халқларга ҳурмат билан қарашни ўргатиш муҳим. Ҳар бир бола миллати, тили, эътиқоди, саломатлиги ёки оиласининг даромадидан қатъи назар, мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва билим олиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорлик таклиф қилинди


Президент қуролли можаролар, мажбурий кўчиш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлар болалар ҳаётига оғир таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, давлатлар масъулиятини бажариши, халқаро ҳамкорлик эса миллий имкониятларни тўлдириши зарурлигини айтди.

Саммитда муҳокама қилиниши таклиф этилган биринчи йўналиш бола ҳаётининг илк давридан узлуксиз кўмакни кучайтиришдан иборат. Бунинг учун она саломатлиги, тўғри овқатланиш, эрта ривожланиш ва мактабгача таълимни ўзаро боғлаш, бола ва оила эҳтиёжларини имкон қадар эрта аниқлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, болаларнинг оғир касалликларини эрта аниқлаш ва даволашда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш таклиф қилинди. Хусусан, болалар онкологияси соҳасида мутахассислар тажриба алмашиши, ташхис имкониятлари ва сифатли дори воситаларидан фойдаланишни яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

«Боланинг яшаш жойи унинг ёрдам олиш имкониятини чеклаб қўймаслиги керак», — деди Мирзиёев.

Президент биринчи хонимларнинг болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ташаббуснинг жамоатчилик ва хайрия салоҳияти тиббий экспертлар тавсиялари, эҳтиёжга асосланган ёрдам ҳамда маблағларнинг очиқ сарфланиши билан уйғунлаштирилиши лозим. Ҳамкорлик миллий соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак.

Болалар учун хавфсиз рақамли муҳит


Саммитдаги яна бир устувор йўналиш болалар учун хавфсиз таълим ва рақамли муҳитни таъминлашдан иборат. Президент кибербуллинг, эксплуатация ва шахсий маълумотлардан суиистеъмол қилишга қарши халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Айни пайтда болаларнинг билим олиши, ижод қилиши ва хавфсиз мулоқот имкониятларини кенгайтириш, уларга, ота-оналар ва педагогларга рақамли саводхонлик бўйича амалий кўмак бериш таклиф қилинди.

Мирзиёев болаларнинг фикрини қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш муҳимлигини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, болалар учун яратилаётган хизматлар ҳақида уларнинг ўз фикрларини эшитиш зарур. Бунда иштирок боланинг ёшига мос, ихтиёрий ва хавфсиз ташкил этилиши керак.

Самарқанд платформаси


Президент халқаро ҳамкорликни давом эттириш учун Самарқанд платформасини амалий мулоқот механизми сифатида шакллантиришдан манфаатдорлик билдирди. Ушбу платформа мавжуд ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали тажрибаларни алмашиш, ихтиёрий қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва натижаларни муҳокама қилишга хизмат қилиши мумкин.

Мирзиёев саммитнинг якуний декларациясидаги умумий мақсадларни амалий ишларга айлантириш учун масъуллар, ресурслар ва муддатлар белгиланган режаларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, келишилган кўрсаткичлар асосида натижаларни очиқ муҳокама қилиш ўзаро ишончни мустаҳкамлашини қайд этди.

«Бунда эътиборимиз, айниқса, ёрдамдан четда қолаётган болаларга қаратилиши зарур. Фаровонлик йўлидаги тараққиёт ҳар бир боланинг ҳаётида сезилганида умумий ютуғимизга айланади», — деди давлат раҳбари.

Президент болаларнинг қаерда ва қандай оилада туғилишини танлай олмаслигини, аммо уларнинг хавфсиз улғайиши, қобилиятини кашф этиши ва келажагини қуриши учун шароит яратиш давлатлар қарорларига боғлиқлигини таъкидлаб, Самарқандда бошланган ҳамкорлик болалар ҳаётини яхшилайдиган аниқ ишлар билан давом этишига умид билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.