Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади

Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги «Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилмоқда.

Ҳокимлик тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик тузилгунига қадар махсус ҳуқуқий режим доирасида ҳудудда бошқарувни йўлга қўйиш, аҳолига ҳамда ижтимоий ва инфратузилма объектларига хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият юритади.

Фармонга кўра, Янги Тошкент шаҳри ҳокими президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Янги ташкил этилган ҳокимлик ва давлат органлари бўлинмаларига дирекцияга доимий фойдаланишга берилган ҳудудларда Тошкент вилояти ва туманларидаги тегишли идоралар ваколатига кирувчи масалалар юзасидан мустақил қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Ҳокимлик ва тегишли идораларни сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади, улар вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳаси офиси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ҳужжат билан Янги Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси тасдиқланди ва бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 14 нафар этиб белгиланди. Аппарат таркибидан ҳоким, унинг биринчи ўринбосари ва икки нафар ўринбосари (уларнинг ҳар бирида биттадан бош мутахассис), ҳоким ёрдамчиси, ахборот хизмати раҳбари — давлат тили бўйича маслаҳатчи, ташкилий-назорат гуруҳи, бош ҳисобчи, бош юрисконсульт ҳамда девонхонанинг икки нафар бош мутахассиси ўрин олган. Ободонлаштириш бошқармаси тузилмаси ва штатлари сони эса Тошкент шаҳри туманлари намунавий тузилмаси асосида ҳоким томонидан белгиланади.

Шунингдек, Янги Тошкентдаги 16 та давлат органи ва ташкилоти бўлинмалари учун жами 30 та бошқарув штат бирлиги ажратилди. Хусусан, солиқ инспекциясига 4 та, иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинига 3 тадан, Халқ қабулхонаси, инвестициялар, бандлик, қурилиш, тиббиёт бирлашмаси, оила ва хотин-қизлар ҳамда санитария-эпидемиология бўлимларига 2 тадан, экология, статистика, таълим, маданият, ёшлар ишлари ва кадастр бўлимларига эса 1 тадан штат бирлиги берилди.

Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир ой муддатда ўз умумий штатлари доирасида шаҳардаги тузилмаларини ташкил этади. Мазкур фармонда кўрсатилмаган бошқа давлат идоралари эса ўз фаолиятини Тошкент вилояти ва туманларидаги мавжуд ҳудудий бўлинмалари орқали давом эттиради.

Вазирлар Маҳкамасига ўн кун муддатда ҳокимликни ташкил этиш бўйича ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириш, уч ой муддатда эса илғор хорижий тажриба асосида Янги Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий бирлик сифатидаги мақомини белгилаш юзасидан таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.