Баҳриддин Рўзиев 1950 йил 23 августда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, меҳнат фаолиятини Кармана тумани йўл қурилиши бирлашмасида авточилангар сифатида бошлаган. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Тошкент политехника институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таҳсил олган, кейинчалик Москва ижтимоий фанлар академиясини тамомлаган.
У кўп йиллар давомида Навоий вилоятидаги ёшлар ташкилотлари ва турли бошқарув идораларида масъул лавозимларда ишлаган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоят газлаштириш бошқармаси бошлиғи, ҳудудий коммунал фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ҳамда Конимех тумани ҳокими вазифаларида фаолият юритган.
2002 йилдан 2008 йилнинг декабрига қадар Баҳриддин Рўзиев Навоий вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. У вилоятга раҳбарлик қилган даврда ҳудуд саноати ва ишлаб чиқаришини кенгайтириш, фермерлик ҳаракатини шакллантириш, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этиш ҳамда Навоий халқаро аэропорти негизида халқаро логистика марказини барпо этиш ишларида фаол иштирок этган. Сўнгги йилларда фахрийлар ташкилоти аъзоси сифатида жамоат ишларида қатнашиб келган.
Унинг вафоти муносабати билан президент ҳамдардлик билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.