«Инсон қадрини юксалтириш» бўйича еттита миллий дастур қабул қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрдаги
фармони билан «инсон қадрини юксалтиришга қаратилган» еттита миллий дастурни тасдиқлади.
Дастурлар 2027−2031 йилларга мўлжалланган бўлиб, «инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш, таълим, тиббиёт ва иқтисодиётни ривожлантириш, табиий ресурсларни асраш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, маҳалла манфаатларини таъминлаш ҳамда тинчликпарвар сиёсатни давом эттиришга» қаратилган.
Дастурлар ва уларнинг асосий йўналишлари
Билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш бўйича миллий дастур:- 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш;
- нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш;
- барча умумтаълим мактабларини босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олиш;
- техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этиш ва ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш;
- камида 10 та олий таълим ташкилотини нуфузли халқаро рейтингларнинг топ 1000 талик рўйхатига киритиш;
- 10 млн нафар ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилиш;
- ўзбек тилининг рақамли муҳитда илм-фан ва технологиялар тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш.
Аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш бўйича миллий дастур:- аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказиш;
- соғлиқни сақлаш тизимида профилактикага асосланган саломатликни асраш моделига ўтиш;
- давлат тиббий суғуртаси тизими билан республикадаги барча хонадонларни қамраб олиш;
- ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасида рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг камида 5 та нуфузли клиникасини жалб қилиш;
- тиббиёт, фармацевтика, биотехнология ва тиббий таълимни комплекс ривожлантириш.
Юқори технология ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш бўйича миллий дастур:- иқтисодиётга 450 млрд доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
- ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 млрд долларга етказиш;
- саноатда 2 млнта юқори даромадли иш ўрни яратиш;
- стартаплар, венчур капитали ва сунъий интеллектни ривожлантиришни устувор йўналишга айлантириш;
- кичик тадбиркорлик субъектларини ўрта, ўрта корхоналарни эса йирик компания ва корпорацияларга айлантириш бўйича яхлит экотизимни шакллантириш;
- аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини 10 минг доллардан ошириш.
Сув ресурслари ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш бўйича миллий дастур:- суғориладиган экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш;
- «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш;
- таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда кўп квартирали уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилиш;
- туман ва шаҳар марказларида яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш.
Суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича миллий дастур:- ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий саводхонликни умумтаълим мактабларидан бошлаб тизимли асосда йўлга қўйиш;
- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний кафолатларини кучайтириш;
- кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чораларини кучайтириш;
- яширин иқтисодиётга қарши курашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш;
- хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашни кучайтириш.
Маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш бўйича миллий дастур:- давлат дастурларини маҳаллаларнинг эҳтиёж ва талабларидан келиб чиқиб шакллантириш;
- туман (шаҳар) бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳаларини маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқиш;
- маҳалла буюртмалари юзасидан 30 кунлик муддатда асослантирилган қарор қабул қилиш тартибини жорий этиш.
Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик диёри сифатидаги нуфузини юксалтириш бўйича миллий дастур:- миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш;
- очиқ, прагматик, кўп қиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни, жумладан, иқтисодий дипломатияни изчил давом эттириш;
- 2027−2030 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик доирасида ушбу ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари суриш;
- Афғонистон бўйича конструктив сиёсатни изчил давом эттириш.