Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Президент раислигида ўтказилган йиғилишда илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаб, соҳа экспортини камида 2 бараварга кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
«Бу — иқтисодиётимиз учун жуда катта имконият ва захирадир. Тўқимачилик бизга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа ҳисобланади. Шунинг учун биз соҳада тўлиқ кластер тизимини жорий этдик. Бугунги кунда пахта толасини ўзимизда 100 фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилди, беш йил аввал 40 фоиз тола қайта ишланган», — деди президент.
Ўзбекистонда бугун толани қайта ишлаш қуввати 1,3 млн тоннага етган. Бироқ 1 млн тонна тола ишлаб чиқарилмоқда. «Яъни, ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошади. Шундан 300 минг тоннаси сунъий тола бўлса, яна камида 300 минг тонна пахта толаси зарур. Нима учун Туркиянинг пахта майдони биздан 2 карра кам бўлса-да, толани деярли тенг ҳажмда ишлаб чиқаради? Бунинг асосий сабаби — ҳали илмга, замонавий технологияларга жойлардаги раҳбарларнинг эътибори ва масъулияти паст», — деди давлат раҳбари.
Агар мутасаддилар туман ҳокимлари ва кластерлар билан ишларни тўғри ташкил қилса, тўқимачиликдаги иш ўринларини ҳозирги 400 мингдан бемалол 1 млнга кўпайтириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
«Олимларимиз яратган 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари (Бухоро, Равнақ, Порлоқ, Султон) кластерларга етказилмаяпти, деҳқон ва фермерларимиз қайси ҳосилдор уруғларни экишни ва уларни қаердан олишни билмаяпти», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, гербицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш вақти-соати келганини айтди. Шу боис президент ҳузурида инновация вазири И.Абдурахмонов бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгаш:
Шунингдек, ҳар бир кластер йил якунига қадар тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиб, ер майдонлари паспортини ишлаб чиқиши ва ҳосилдорликни ошириш чораларини белгилаб олиши кераклиги таъкидланди. Президент барча кластерлар сувни илм билан тежаб ишлатиши шартлигини қайд этди.
Сўнгги икки йилда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилаб суғориш жорий қилинди. Йил якунига қадар 160 минг гектар, келгуси йилда ҳам яна шунча пахта майдонида томчилатиб суғоришни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
«Кластерлар пахтадан ип-калавагача ишлаб чиқариш занжирини жорий этишга масъул бўлади. Агар кластернинг ўзида хоҳиш бўлса, бемалол ўзи қайта ишлашни тўлиқ циклда амалга ошириши мумкин. Бундан буён, алоҳида индустриал зоналар ташкил қилиниб, уларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун барча шароитлар яратиб берилади», — деди президент.
Ушбу комиссия элчилар ва кластерлар билан бирга бу индустриал зоналар бошқарувига чет эл компанияларини жалб қилиб, нуфузли брендларни олиб келади.
«Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий бренд ва йирик компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқдалар. Лекин, очиқ айтиш керак, тўқимачилик саноатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, брендлар ва йирик корхоналарни жалб қилишда элчихоналар ишламаяпти. Мисол учун, биздаги Туркия, Хитой, Германия каби бошқа давлатлар элчилари ўз мамлакати тадбиркорларининг манфаатини ҳимоя қилиш учун вазир, ҳоким, ҳатто корхонагача боришдан чарчамайди. Лекин, бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ», — қайд этди давлат раҳбари.
Президент томонидан Испания, Германия ва Швеция, Буюк Британия, Франция, Италия, Польша, Япония, Туркия, АҚШдаги элчилар билан бирга 50 та хорижий брендларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда халқаро кўргазмаларда камида 30 та ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи маҳсулотини олиб чиқиб, 50 млн доллардан буюртма олишни таъминлаш топширилди.
Шу билан бирга, брендлар учун зарур бўлган 90 фоизи импорт қилинаётган фурнитура ва аксессуарларни бир ой муддатда ишлаб чиқариш дастурини қабул қилинади. Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида йил якунига қадар 4 тадан фурнитура корхоналарини ишга тушириш топширилди.
Президент тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг Аксессуар ва фурнитура ишлаб чиқарувчилар уюшмасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Президент экспортчиларни қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.
Жумладан, Экспорт агентлиги томонидан экспорт қилувчи корхоналарга 5 млн долларгача айланма маблағ учун ресурслар уларнинг экспорт ҳажмидан келиб чиқиб ажратилади ҳамда корхоналарнинг хорижда омборхоналарни ижарага олиш харажатларини қоплаб бериш учун чекланган майдон 100 квадрат метрдан 500 квадрат метрга оширилади.
Экспортёрлар номига очилган аккредитивларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишга рухсат берилади. Яъни, корхона экспорт қилган кундан бошлаб ўз хизмат кўрсатувчи банкидан аккредитивнинг 80 фоизи миқдорида кредит олиши мумкин бўлади.
Кластер ва тўқимачилик корхоналарининг молиявий ҳисобот халқаро стандартларига ўтиши қўллаб-қувватланади. Бундан буён молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш харажатларининг 50 фоизгача қисми Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади.
Йиғилишда тўқимачилик корхоналарини пахта толаси ва ип-калава билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ички бозорда танқислик туфайли пахта толасининг нархи халқаро биржалардан юқори бўлиб, 1 тоннаси 37 млн сўмгача етмоқда. Оқибатда 22 мингдан зиёд ходим ишлайдиган 59 та ип-йигирув корхонасига ойига 25 минг тонна тола етишмайди.
Шу боис, комиссия назорати остида:
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.