Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бўлиб турибди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Якшанба куни тонгда видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, барча туманлар билан мулоқот қилинди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, давлат раҳбарининг кечаги мурожаатидан кейин «вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда».
«Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти ушбу ҳолат бўйича ахборот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади», — дейилади хабарда.
Шундан сўнг, давлат раҳбари Нукус шаҳридаги Жекетерак маҳалласи аҳолиси билан учрашди.
Эслатиб ўтамиз, шанба куни президент фармони билан Қорақалпоғистонда 2 августга қадар фавқулодда ҳолат жорий этилиб, 21:00 дан соат 7:00 га қадар бўлган муддатда комендантлик соати ўрнатилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.