Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби билан учрашди

Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби билан учрашди

Чоршанба куни Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Мулоқотда минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ўтказилиши ҳамда конституциявий ислоҳотлар масалалари муҳокама қилинган.

6 июль куни АҚШда Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби билан учрашди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинган.

Бош котиб Ўзбекистоннинг 26 июль куни Тошкентда ўтадиган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференсияни ўтказиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаб, мазкур форумда БМТдан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирган.

«Антониу Гутерриш Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, томонлар ўзаро ҳамкорлик кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар бўйича ҳам фикр алмашишган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.