«Кўксарой» қароргоҳида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди, шулар жумласидан:
Туркманистон етакчиси билан учрашув якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев жумладан шундай деди: «Бугун биз Сердар Гурбангулиевич билан мазмунли, очиқ ва батафсил музокаралар ўтказдик, улар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни янги, янада юқори даражага олиб чиқади, — деди Президентимиз. — Биз икки томонлама кун тартибидаги барча долзарб масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилдик. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдик, бу борада катта ютуққа эришилганини қайд этдик. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва гуманитар йўналишларда биргаликдаги ишимизнинг устувор жиҳатларини белгилаб олдик».
БМТ, МДҲ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида фаол мулоқотлар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон президенти Туркманистон томонини Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда кўрсатган фаол кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбари туркманистонлик ҳамкасбини Самарқандда ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф этди.
«Кўп қиррали Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон бизнинг муҳим сиёсий ҳамкоримиздир. Бугун савдо-иқтисодий шериклик масалалари батафсил муҳокама қилинди, уни кенгайтириш ва диверсификация қилишга иккала томон ҳам тайёр экани тасдиқланди», — деди Сердар Бердимуҳамедов.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.