24 август куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб «Газета.uz»га хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғиз, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТда кузатувчи давлат сифатидаги Беларус ҳарбий идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Унда мудофаа вазирлари йиғилиши ШҲТнинг макони ва ташқи чегараларда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш мақсадида шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма қарорлар қабул қилишнинг самарали платформасига айлангани таъкидланди.
«Бугунги кунда бу, айниқса, дунёдаги ҳозирги қийин вазият беқарорлик билан характерланиши, халқаро минтақавий хавфсизликка анъанавий таҳдидлар кучайиши, янги узоқ муддатли кескинлик ўчоқлари пайдо бўлиши ва воқеаларнинг келгусида қандай ривожланишини башорат қилиш тобора қийинлашиб бораётганлиги сабабли долзарбдир», — дейилади президент мурожаатида.
«Ҳозирги шароитда Мудофаа вазирликларимизнинг амалий ҳамкорлиги ва ШҲТнинг масъулиятли ҳудудида умумий хавфсизликни таъминлашнинг самарали воситаларини ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамият касб этмоқда», — дея қайд этилган мурожаатда.
Йиғилишда нутқ сўзлаган Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов шундай деди: «ШҲТнинг ривожланиши бизнинг кенг минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга муҳим ҳисса қўшган ва қўшишда давом этмоқда. Шу муносабат билан биз салбий тенденциялар ва хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришимиз керак».
«Йиғилиш давомида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида юқори даражадаги ўзаро тушуниш қайд этилди, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ташкилот маконида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, COVID 19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликни давом эттириш масалалари келишиб олинди», — дейилади вазирлик хабарида.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши якунида қўшма баённома имзоланди, унда бир қатор тадбирлар, шу жумладан қўшма машғулотлар ва машқлар ўтказилиши кўзда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.