“Док 1 Макс" сиропи бўйича Самарқандда таҳлилий ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада етти нафар ходим ишдан олинган.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Республика ССВ томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Самарқандда таҳлилий ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада етти нафар ходим ишдан олинган. Мазкур ходимлар қатор камчиликлар йўл қўйганлиги аниқланган.
Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатга алоқадор бўлган 7 нафар тизим мутасаддиси ва тиббиёт ходими ўз вазифасидан озод этилган.
“Чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда болаларда кузатилган ҳолат бошланганига 2 ойдан ошганлиги ўз тасдиғини топди.
Ваҳоланки, тизимга доир ҳар бир фавқулодда ҳолат бўйича шу куннинг ўзида вазирликка тезкор маълумот тақдим этиш зарурлиги тўғрисида тегишли меъёрий ҳужжат ва талаблар мавжуд. Шунга қарамай, бу ходимлар 2 ойдан бери бу ҳолат тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бермаган.
Оқибатда жуда катта вақт бой берилган. Яъни, болалар ўртасида ноаниқ ҳолатлар юз бергач, зудлик билан бу бўйича тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилмаган.
Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам мазкур ҳолат юзасидан жуда кеч расмий хат киритилган. Шу сабабли қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди ва ўрганишлар давом этмоқда", дейди Севара Убайдуллаева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази мудири М.Қ. Азизов сўнгги пайтларда болалар ўртасида респиратор вирусли касалликлар авж олганини таъкидлаб, вилоят ССБ бошлиғи Д.Ҳ. Жуманиёзовга хат йўллаган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.