Давлат раҳбари Сергели туманидаги маҳаллалардан бирида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди.
Бу ерда 26 та кўп қаватли уй бор, 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди.
Президент маҳалла вакилларидан ҳол-аҳвол сўради. Нуронийлар ўтган совуқ кунларда халқимизнинг ва давлат идоралари хизматчиларининг бирлиги билан қийинчилик ортда қолдирилганини айтишди. Энергетика ва коммунал хизматлар 24 соат давомида ишлаган, тезкор чоралар кўриб борилган. Хусусан, маҳалладаги трансформатор ҳам янгиланган.
«Бу бизга сабоқ бўлиши керак. Энергетикада 3-4 карра кўпроқ захира яратишимиз зарур. Шунинг учун қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга эътибор беряпмиз. У муқобил, ишончли ва экологик тоза», — деди давлат раҳбари.
Маҳаллалардаги устувор вазифа аҳоли бандлиги ва ёшлар тарбияси экани таъкидланди. Шу боис ҳам бу йил Ўзбекистонда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди. Ўқувчилар мактабда иккита хорижий тил ва битта касб ўрганиб чиқиши учун шароит яратилмоқда. Халқ бу ҳаракатни қўллаб-қувватламоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.