Самарқандда фуқароларни $27 минг эвазига АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахслар ушланди

Самарқандда фуқароларни $27 минг эвазига АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахслар ушланди

Улар 14 нафар фуқарони алдаб, Испания ва Мексика орқали жўнатишни ваъда қилган.

Самарқандда Америкага ноқонуний юбормоқчи бўлган яна бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, М.Х. ва Ш.Ш. моддий манфаат илинжида узоқ вақтдан буён АҚШга юборишни ваъда қилган ҳолда бир неча шахсдан катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб келган. Хусусан, улар Ж.Х.нинг ишончига кириб, Европа давлатларидан бирига “шенген” кириш визасини расмийлаштириш ва “Тошкент – Испания – Мексика – АҚШ” йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилиб, ундан 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини талаб қилган.

Улар фуқародан дастлаб 10 минг АҚШ доллари, Мексиканинг АҚШ билан чегарасига етиб боргандан сўнг 17 минг АҚШ доллари бериши зарурлигини билдирган.

Қолаверса, тинтув вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган 13 нафар фуқаронинг ҳужжатлари (8 та хорижга чиқиш паспорти, 2 та биометрик паспорт, бир дона ID-карта, 2 та туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва бир дона никоҳ гувоҳномаси), шунингдек, Н.Р.ни АҚШга юбориш эвазига 22 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олганлиги тўғрисида тилхат топилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.