Қор кўчкиси хавфи туфайли Қамчиқ довони вақтинча ёпилган.
«Қамчиқ» довонида қор кўчкиси хавфи юзага келганлиги сабабли бугун, 9 февраль куни соат 13:30 дан А 373 Халқаро автомобиль йўли автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.
«Қамчиқ» довони вақтинчалик ёпилганлиги сабабли фуқароларни довондан эвакуация қилиш штаби тузилиб, ФВВ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорлигида фуқароларга 902-сонли «Ангрен – Орзу – Поп» йўналишида махсус поезд рейси ташкил этилди.
Унга кўра, бугун соат 18:00 да Оҳангарон, Ангрен, Орзу темир йўл бекат ва вокзалларидан Поп вокзалигача йўловчи поездда эвакуация қилинди.
Шунингдек, 901-сонли «Поп – Ангрен» йўналишида ҳам фуқароларни довондан эвакуация қилиш ишлари давом эттирилади.
«Андижон-Термиз» йўналиши бўйича йўловчи поезди орқали «Поп 2» станциясидан 50 нафар, «Темирйўлобод» станциясидан 150 нафар йўловчилар ўз манзилларига юборилди.
Шу уринда, ФВВ талабномасига кўра, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ томонидан «Тошкент Поп» йўналиши бўйича қўшимча йўловчи поезд қўйилди.
«Оҳангарон» станциясига соат 19:40 да, «Ангрен» вокзалига 20:10 да, Орзу вокзалига соат 20:40 да келиши белгиланган.
Йўловчиларни вокзалларга йўналтириш бўйича ФВВ, ИИВ, МГ ва темирйўл ходимлари таркибидаги ишчи гуруҳ штаблари иш олиб бормоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.